Россия икки АҚШ фуқаросини чечен дала қўмондонини ўлдирган ФХХ ходимига алмаштирмоқчи

Олам

image

Россия ҳукумати АҚШга Чеченистоннинг собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдирганликда айбланиб Германияда судланган Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходими Вадим Красиковни маҳкумлар алмашинувига қўшишни таклиф қилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб CNN хабар бермоқда.

CNN суҳбатдошининг сўзларига кўра, сўров Америка томонига "муаммоли" бўлиб кўринган –жумладан, ФХХ ишлатадиган норасмий канал орқали келгани учун. Бошқа бир сабаб, Красиков Германия ҳибсхонасида сақланмоқда.

Шунга қарамай, Германия ҳукуматидаги манбага кўра, америкаликлар немис ҳукуматига Красиковни айирбошлашга қўшиш имкониятини сўраб мурожаат қилишган. Муҳокамалар “юқори даражага” чиқмаган ва Красиковни экстрадиция қилиш масаласи жиддий кўриб чиқилмаган.

Россияда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган америкалик баскетболчи Бритни Грайнер устидан суд жараёни давом этаётган бир вақтда Россия ва АҚШ маҳбусларни алмаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. АҚШ мамлакатда қурол савдосида айбланиб, қамалган Виктор Бутни Россиядаги икки фуқароси: Пол Уилан ва наркотик контрабандасида айбланаётган Бритни Грайнерга алмаштиришни таклиф қилди.

2012 йилда АҚШ суди Виктор Бутни АҚШ манфаатларига таҳдид солиши мумкин бўлган колумбиялик жангариларга қурол сотишга уринганликда айблаб, 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Бут барча айбловларни рад этган ва халқаро ҳаво ташиш соҳасида мутлақо қонуний бизнес билан шуғулланганини даъво қилган.

Екатеринбургнинг УГМК клубида ўйнаётган Грейнер иши ҳозир Химки суди томонидан кўриб чиқилмоқда. У Россияга етиб келганида юкидан “гашиш” ёғи топилгани учун қўлга олинган. Судда у АҚШда таътилда бўлганида шифокорнинг рецепти бўйича тиббий марихуана олганини ва шошиб йиғаётганда уни тасодифан багажига солиб қўйганини айтган.

Собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан 2020 йил июнь ойида Москва шаҳар суди томонидан жосусликда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У ўз айбига иқрор бўлмаган ва қўлга олинган флеш-дискда унинг Россия бўйлаб аввалги саёҳатлари тасвирлари бўлиши кераклигини айтган. Ҳозир у қамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Россия

Баҳолаганлар

333

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг