Россия Германияга газ беришни тиклади – ОАВ

Олам

image

Бугун, 21 июль куни эрталаб Россия “Шимолий оқим 1” газ қувурида 11 июлда бошланган техник ишлар якунлангач, у орқали Германияга газ етказиб беришни қайта тиклади. Бу ҳақда DPA агентлиги оператор компания “Nord Stream AG” вакилига таяниб хабар берди.

“Газ яна [қувур орқали] оқмоқда”, дея агентлик компания вакилининг сўзларини келтирган.

Бироқ газ қувури тўлиқ қувватида ишлай бошлаши учун яна бироз вақт талаб қилади.

“Nord Stream AG” вакилининг таъкидлашича, бугунги кунда “Шимолий оқим” орқали етказиб бериладиган газ ҳажми таъмирлаш ишларидан олдинги миқдорга тенг – кунига тахминан 67 миллион кубометр. Бу газ қувурининг тахминан 40 фоиз қувватига тўғри келади.

Кеча, 20 июль куни Федерал тармоқ агентлиги (Германия регулятори) раҳбари Клаус Мюллернинг айтишича, бугун, 21 июль куни “Шимолий оқим” қувури орқали газ етказиб бериш ҳажми 530 ГВт/соатни ташкил қилади, бу тахминан 30 фоиз юкланиш дегани. Бу ҳақда у Twitter’даги саҳифасида ёзган. Ўз навбатида, Германиянинг Gascade газ узатиш оператори газни техник хизмат кўрсатишдан олдинги даражада (ўтказиш қобилиятининг 40 фоиз) кутаётганини айтди.

“Шимолий оқим 2” газ қувури Болтиқ денгизи туби бўйлаб Россиянинг Уст-Луга шаҳридан Германиянинг Грайфсвальд шаҳригача чўзилган. Унинг қурилиши 2021 йилнинг кузида якунланди. 22 февраль куни Германия Россиянинг ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишига жавобан “Шимолий оқим 2”ни ишга тушириш жараёнини тўхтатди.

Ҳозир“Шимолий оқим 1” газ қувури Россия газини Европага етказиб беришнинг асосий йўли бўлиб турибди. Июнь ойида “Газпром” у орқали газ оқимини кунига 67 миллион куб метргача қисқартирган (кўрсаткичнинг 60 фоизи).

“Газпром” буни Канадага таъмирлаш учун юборилган ва уруш бошланганидан кейин санкциялар остида қолган Siemens турбинасини қайтаришнинг кечикиши билан изоҳлади. Канада кейинчалик Германиянинг илтимосига биноан турбинани Россияга қайтаришга рози бўлди.

11 июлдан бошлаб “Шимолий оқим 1” режалаштирилган техник ишларни бажариш учун 10 кунга тўлиқ тўхтатиб қўйилди. Европа давлатлари раҳбарлари Россия Федерацияси у орқали газ етказиб беришни қайта тикламаслиги ёки уларни тўлиқ тикламаслиги мумкин деб хавотир олмоқда. “Bloomberg” хабарига кўра, Еврокомиссия август ойидан бошлаб ЕИда газ истеъмолини 15 фоизга камайтиришни таклиф қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

334

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг