Россия Ғарбга навбатдаги жавоб санкцияларини тайёрламоқда
Олам
−
16 Март 2022
23575Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиб, ноқонуний санкцияларни қўллаган бошқа давлатларнинг нодўстона ҳаракатларига жавобан бир қатор чора-тадбирлар тайёрламоқда. Бу ҳақда Россия ТИВнинг бугун, 16 март куни “Ягона Россия” партияси Бош кенгашининг халқаро ҳамкорлик ва хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиясининг 2014-2022 йиллардаги Украина инқирози атрофидаги вазиятга бағишланган брифинги якунлари бўйича хабарида маълум қилинган.
Брифингда иштирок этган Россия Федерацияси Давлат котиби, ТИВ раҳбарининг ўринбосари Евгений Иванов ўз нутқида ТИВ бирлашган кучларнинг нодўстона ҳаракатларига жавоб чораларини қонун доирасида тайёрлашини урғулаган.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва бошқа бир қатор давлатлар ноқонуний санкцияларни қўллаш орқали Россия фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузган.
“Брифинг давомида Донбассдаги мавжуд гуманитар вазиятга, украиналик радикалларнинг жиноий ҳаракатларидан жабр кўрган аҳолини озиқ-овқат ва зарур инсонпарварлик ёрдамлари билан таъминлашга, шунингдек ўтган йиллар давомида бузилган фуқаролик инфратузилмасини тиклаш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
Бундай санкцияларга Россия ҳам жим қараб турмаяпти. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 15 март куни АҚШга қарши жавоб санкцияларни эълон қилди. Москва “қора рўйхат”га АҚШ Президенти Жо Байден, Давлат котиби Энтони Блинкен, Мудофаа вазири Ллойд Остин, АҚШ Президентининг ўғли Хантер Байден ва бошқаларни киритган.
LiveБарчаси