Россия футбол иттифоқи UEFA'га талаб қўйди

Спорт 5823
image

Россия футбол иттифоқи (РФИ) UEFA'дан Украина терма жамоаси бош мураббийи Александр Петраковни лавозимидан четлаштиришни талаб қилди. Бу ҳақда“The Guardian" нашри хабар берди.

Манбага кўра, Россия футбол иттифоқи Александр Петраковни россияликларни камситишда ва нейтрал сиёсий позицияни сақлашдан бош тортишда айблаган.

РФИ бош котибининг ўринбосари Денис Рогачев UEFA Назорат, этика ва интизом бўйича органига хат ёзди. Денис далил сифатида  Петраковнинг Италиянинг “Corriere dello Sport” ва Россиянинг “Sport Express” нашрларидаги сўзларидан иқтибос келтирган.

Александр Петраков Россия терма жамоаларини халқаро мусобақалардан четлатишга чақирган. Шунингдек, Украина терма жамоаси бош мураббийи Россияга қарши чиқиш учун қўлига қурол олишга ҳам тайёрлигини билдирган. Ушбу баёнотлардан сўнг, РФИ Петраковни UEFA'нинг Одоб-ахлоқ кодексини бузганликда айблаган.

Маълумот учун, Россиянинг турли ёшдаги терма жамоалари ва клублари FIFА ва UEFА томонидан ўтказиладиган барча мусобақалардан четлатилган. Россия томони бу қарорларни тушунмаслигини ва спорт сиёсатдан холи эканлигини айтиб келади.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 183
Рейтинг: 3
t
×