Россия эркаклар қочмаслиги учун чегарани ёпадими? Сўз Песковга
Олам
−
26 Сентябрь 2022
13512Россия ҳукумати қисман сафарбарлик эълон қилингани муносабати билан чегараларни ёпиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмади. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Ҳозирда бу борада ҳеч қандай қарор йўқ”, дейди Песков.
Унинг таъкидлашича, ҳозир ҳақиқатдан кўра сохта хабарлар кўпроқ, сафсаталарни душманлар ҳам, “уйдаги ваҳимачилар” ҳам тарқатмоқда. У аҳолини сохта хабарлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.
“Фармон бузилиши ҳолатлари бор, айрим вилоятларда ҳокимлар вазиятни тўғрилаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Бу борада мамлакатимиз журналистлари, жамоат ташкилотлари томонидан фаол ва зарур ишлар амалга оширилмоқда. Ва бу жуда муҳим”, дея хулоса қилган Президент матбуот котиби.
Аввалроқ, “Медуза” нашри Президент маъмуриятига яқин манбага асосланиб, Россия ҳукумати сафарбарлик ёшидаги эркаклар учун чегараларни ёпмоқчи экани ҳақида хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
“Объясняем.рф” ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.
Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси