Россия энергиядан қурол сифатида фойдаланяпти – Берлин

Олам 7811
image

Россия энергия ресурсларидан Европага қарши “қурол” сифатида фойдаланади. Бу ҳақда вице-канцлер, Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек Берлиндаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, “Газпром”нинг Германиядаги шўъба корхонаси “Gazprom Germania” бошқа Европа компаниялари қаторида санкциялар остида қолиб, Россия газини харид қилишни кунига тахминан 10 миллион куб метрга қисқартирган. Бироқ, бу ҳажмни қоплаш мумкин.

“Вазият кескинлашди, шунинг учун (Россия томонидан – таҳр.) энергия ташувчилардан қурол сифатида фойдаланиш ҳозирда бир қанча соҳаларда амалга оширилмоқда”, дейди у.

Вице-канцлернинг қўшимча қилишича, ҳозирги шароитда Германия иситиш мавсумига тайёргарлик кўришда газ захираларини оширишга интилмоқда.

 “Газ омборлари қишгача тўлдирилиши керак, акс ҳолда биз қийин вазиятга тушиб қоламиз”, дея таъкидлади у.

Унга кўра, Германия қишга тайёргарлик кўриш учун табиий газ омборларини тўлдиришга эътибор қаратмоқда. Ҳукумат табиий газ бозорини барқарорлаштириш учун қўлларидан келган барча ишни қилишига тайёр. Ҳозирда омборхоналар 40 фоизга яқин тўлдирилган.

“Германия энергетика компанияларига молиявий кафолатлар берилади, чунки улар юқори нархларда янги шартномалар имзолашлари керак”, дейди вазир.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 419
Рейтинг: 2.9
t
×