Россия буғдой етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди – Путин
Олам
−
05 Март
8013Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёда тўртинчи давлатга айланди, унинг даромади 43,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин фермерлар билан учрашувда маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия тарихида бундай натижалар ҳеч қачон кузатилмаган. Мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёда тўртинчи, буғдой етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринга чиққан.
“Ташқи бозорга маҳсулот сотишдан тушган даромад 43,5 миллиард долларни ташкил этди. Мамлакатимиз гўшт етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради, бу ҳам агротехника ишлари билан боғлиқ, озуқа зарур. Бундай натижалар мамлакатимиз агросаноат мажмуасида бўлмаган”, дейди мамлакат раҳбари.
Путин Россияда 2022 йилда 157 миллион тонна, 2023 йилда эса 147 миллион тонна ғалла йиғим-теримининг рекорд даражада бўлганини қайд этди.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 17 июль куни Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россияга озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни назарда тутувчи Қора денгиз ташаббуси тугатилганди. Россия томони қашшоқ давлатлар учун ташкил этилган дон келишуви доирасидаги олди-сотди жараёнларининг 81 фоизи юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларга тўғри келишини, буларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида амалга оширилаётганини билдирганди.
Россия Президенти Владимир Путин ғалла битими бўйича барча шартлар бажарилмагунча, мамлакат ташаббусдаги иштирокини тўхтатиб қўйишини айтди. Ғарб давлатлари Россияни келишувга қайтишга чақирди, ҳатто, Туркия Президенти Сочига бориб Путин билан гаплашиб қайтди. Бироқ бунинг фойдаси бўлмади – дон битими тикланмади.
Путин эса Африканинг олтита давлатига дон етказиб беришини айтган. Унинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари Россиянинг дон битими бўйича талабларини амалга оширишга тўсқинлик қилишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев Президент Владимир Путин билан учрашувда Африканинг олти давлатига 200 минг тонна буғдой гуманитар ёрдам сифатида етказиб берилганини маълум қилганди. Вазирнинг аниқлик киритишича, Мали, Буркина-Фасо, Зимбабве ва Эритреяга 25 минг тоннадан, Сомали ва Марказий Африка Республикасига 50 минг тоннадан дон етказиб берилган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси