Россия буғдой масаласида ЕОИИ давлатларига босим қиляпти – ОАВ
Олам
−
23 Май 2022
24522Россия Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига кирувчи давлатлардан учинчи мамлакатлар учун ғаллага нисбатан экспорт квотаси ва божлар жорий қилишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.
“Евроосиё иқтисодий комиссиясининг 20 май куни бўлиб ўтган йиғилишида Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг барча аъзоларига учинчи давлатлар учун дон экспортига квоталар ва божлар жорий этиш таклифини киритди”, дейилади хабарда.
Иттифоқчилар бунга рози бўлмаса, Россия ғаллани ЕОИИга экспорти бўйича эълон қилинган, 30 июнга қадар амал қиладиган чекловларни яна чўзиши мумкин.
Россияда 2022 йилда рекорд даражадаги буғдой ҳосили кутилаётганига қарамай, россиялик регуляторлар дон экспортини қаттиқ назорат қилишни давом эттиришга ҳаракат қилмоқда, эндиликда ЕОИИ мамлакатлари даражасида ҳам. Агар иттифоқ давлатлари экспортга чеклов қўймаса, бошқа аъзолар Россия ғалласининг реэкспорти билан шуғулланиши ва бундан яхшигина фойда олиши мумкин.
Таклиф этилаётган экспорт сиёсатига асосан Қозоғистон қарши бўлиб, у ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятлар доирасида хорижга дон етказиб беришни ривожлантиришдан максимал даражада манфаатдор. Ҳозирги чекловлар, жумладан, қозоқ донининг реэкспортчилари томонидан Сибирда буғдойни кенг миқёсда харид қилишнинг кучайиши билан боғлиқ.
Ҳозир буғдой экспортига давлат тақиқи фақат Беларусда жорий қилинган, бож ва квоталар бўйича қарорлар Арманистон ва Қирғизистон ҳукуматлари томонидан тайёрланмоқда, аммо Қозоғистон каби йирик озиқ-овқат экспортчисининг позицияси чуқурроқ ўрганишни талаб қилади. Айнан шу сабаб бу талабларга ҳозирча фақат Қозоғистон жиддий қаршилик кўрсатмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам бу йил ғалла ҳосили жуда юқори ҳажмда бўлиши кутилмоқда.
“Bloomberg”га кўра, Россия ва Украина жаҳонда ғалла экинларининг асосий экспортчилари бўлиб, бу давлатлар ўртасидаги зиддият халқаро майдонда буғдой таъминоти барқарорлигига таҳдид солмоқда.
Глобал экспортнинг 30 фоизи шу икки давлат ҳиссасига тўғри келади. Азов ва Қора денгиздаги Россия босиб олган украин портлари украин ва рус буғдойини халқаро бозорга элтадиган асосий экспорт маршрутидир.
Россия ва Украина биргаликда йилига 112 миллион тоннага яқин буғдой ишлаб чиқаради. Бу АҚШ ва Канада бозорларининг умумий ҳажмидан уч баробар кўп. Жаҳон буғдой савдосининг чорак қисмидан кўпроғи, маккажўхори савдосининг 20 фоизи ва кунгабоқар ёғи савдосининг 80 фоизи мазкур икки давлат ҳиссасига тўғри келади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15