Россия Болгариянинг 17 дипломатини “қувди”
Олам
−
05 Август 2022
4360Болгариянинг Москвадаги элчиси Атанас Кристин Россия Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди ва унга Болгариянинг Россиядаги дипломатик ваколатхонаси ва консуллик муассасаларининг 14 нафар ходимини “персона нон грата” деб эълон қилинган нота топширилди. Бу ҳақда Россия ТИВнинг бугун, 5 август куни тарқатилган хабарида айтилади.
“5 август куни Болгария Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Атанас Кристин Россия Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди ва у ерда унга вазирликнинг Болгариянинг Россиядаги дипломатик миссияси ва консуллик идораларининг 14 нафар ходими “персона нон грата” деб эълон қилинган нотаси топширилди”, дейилади хабарда.
Бу чора 70 нафар россиялик дипломатнинг Болгариядан чиқариб юборилишига, РФнинг дипломатик ва маъмурий-техник ходимлари сонига квота жорий этилишига, шунингдек, Руседаги Бош консулликнинг ёпилишига жавоб бўлди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Москвага қарши қадамлар оқибатлари учун жавобгарлик тўлиқ Кирил Петков бошчилигидаги Болгария ҳукумати зиммасига тушади.
“Бизнинг фикримизча, бундай ҳаракатлар нафақат мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий алоқаларга жиддий зарар етказади, консуллик хизматларидан маҳрум бўлган ватандошлар ҳуқуқларини поймол этади ҳамда Россияга зарар етказиш учун шериклар манфаатларини қурбон қилишга тайёр бўлган жамоавий Ғарбнинг янада таназзулга юз тутишидан далолат беради. Расмий Софиянинг ушбу бузғунчи йўналишга сўзсиз содиқлиги афсусланарли”, дея қайд этилган ТИВ баёнотида.
28 июнь куни Болгария раҳбарияти 70 нафар россиялик дипломат ва Россия дипломатик ваколатхоналарининг техник ходимларини, жумладан элчи маслаҳатчиси Филипп Воскресенскийни, шунингдек, Россиянинг Варна ва Руседаги бош консуллари Владимир Климанов ҳамда Андрей Громовни ва Россия маданий-ахборот маркази директори Андрей Громовни чиқариб юборишга қарор қилди. Уларнинг барчаси “персона нон грата” деб эълон қилинди. Ходимлар етишмаслиги сабабли Россиянинг Болгариядаги элчихонаси консуллик хизмати ҳамда Россиянинг Варна ва Руседаги бош консулликлари ўз фаолиятини қисман тўхтатди.
LiveБарчаси