Россия бир молиявий структурасида доллардан бутунлай воз кечмоқчи

Олам 6905
image

Кейинги бир ой ичида Россия Миллий бойлик фонди (МБФ) Америка долларидан бутунлай воз кечади ва Британия фунтининг улушини камайтиради. Бу ҳақда Россия Молия вазири Антон Силуанов бугун, 3 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида журналистларга маълум қилди.

Миллий бойлик фонди евро ва Хитой юанининг улушини кўпайтирмоқчи, шунингдек олтин кўринишидаги захиралар ҳам шакллантирилади.

Россия миллий фаровонлик жамғармаси — Россия давлат захира фонди бўлиб, мамлакат фуқароларини узоқ муддатли пенсия билан таъминлаш механизмининг бир қисмидир.

“Биз, Марказий банк сингари, МБФнинг доллар активларига инвестиция киритишини қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилдик. Бугунги кунда структура бўйича бизда МБФ инвестицияларининг қарийб 35 фоизи долларда қилинган. Биз доллар активларидан бутунлай чиқиш учун доллардаги сармояларни евро ва олтинга тикиб кўпайтиришга қарор қилдик”, дейди Силуанов. 

Унга кўра, МБФда бу структурага ўтиш кейинги бир ой ичида амалга оширилади. 

“Долларда  0 фоиз, еврода 40 фоиз, юанда 30 фоиз, олтинда 20 фоиз, фунт ва иенада 5 фоиз сармоя киритилади”, дейди Силуанов.

Айни вақтда МБФ таркибида доллар ва евронинг улуши ҳар бири 35 фоиздан, юань — 15 фоиз, фунт стерлинг — 10 фоиз, иена — 5 фоизни ташкил қилмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 310
Рейтинг: 2.9
t
×