Россия бир ҳафта ичида тўртинчи марта Одессага зарба берди
Олам
−
11 Октябрь
3193Россия қўшинлари сўнгги ҳафта давомида тўртинчи марта Украинанинг Одесса шаҳрини ўққа тутди, қурбонлар сони 14 кишига етди. Бу ҳақда Одесса ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилди.
“Одесса ҳудудига уюштирилган ҳужум оқибатида икки қаватли бино вайрон бўлди, унда тинч аҳоли яшаган ва ишлаган. Тўрт киши қутқарилди, аммо афсуски, уч киши бино вайроналари остида ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида 43 ёшли аёл, 22 ёшли йигит ва 16 ёшли қиз бор эди. Яна бир аёл жароҳатлар туфайли шифохонада вафот этди", деб ёзди у ўз Telegram-каналида.
Кипернинг таъкидлашича, яна 10 киши жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган. Шунингдек, у Россия бу ҳужумда баллистик ракеталар қўллаганини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, ўтган ҳафта давомида уюштирилган ҳужумлар оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Хусусан, 7 октябрь куни Россия қўшинлари Одесса савдо портига баллистик ракеталар билан зарба берган. Унда 60 ёшли украиналик ва хусусий юкларни қайта ишловчи компания ходими ҳалок бўлган. 9 октябрь кунги ҳужумда эса Одессадаги фуқаролик юк кемаси баллистик ракеталар билан нишонга олинган. Оқибатда 9 киши ҳалок бўлган ва 11 киши жароҳат олган.
“Financial Times” нашрига кўра, 2023 йилнинг ёзидан буён Одессанинг денгиз ва дарё портлари қарийб 200 марта ҳужумга учраган ва Россия армияси уларда асосан баллистик ракеталардан фойдаланган. Одесса денгиз порти маъмуриятининг маълум қилишича, хавфсизлик учун компаниялар ўз маҳсулотларини қирғоқдан узоқроқ жойда сақлашга ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Одесса портидаги инфратузилмага баллистик ракеталар билан ҳужум қилиши оқибатида Палау байроғи остидаги OPTIMA фуқаролик кемаси вайрон бўлган эди.
LiveБарчаси