Россия билан авиақатнов қачон тикланади? Бунинг ортида сиёсий сабаблар борми?

Жамият

image

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг асосий қисми ўз фаолиятини Россия ҳудудида олиб боради. Пандемия даврида мазкур имконият чекланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам авиақатновлар ҳам тўхтатилди. Икки мамлакатнинг қачон авиақатновларни тиклаши масаласи ҳозирча номаълум.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент ва Москва ўртасида авиарейсларнинг тикланмаслигида сиёсий сабаблар бор, дегувчилар ҳам топилди. Қолаверса, ҳозирда Россияда меҳнат фаолиятини олиб бормоқчи бўлган мигрантлар Беларусь пойтахти Минск орқали парвозларни амалга оширмоқда. Шу ўринда чипталар нархи ҳам нисбатан қиммат. Россия коронавирус билан боғлиқ вазият сабабли Ўзбекистон билан алоқаларни тўхтатган бўлса, Ўзбекистондаги вазият Россиядаги ҳолатдан анча яхши. Лекин нима учун ҳалигача парвозлар тикланмаяпти? 

QALAMPIR.UZ уюштирган “Corona марафони” меҳмони – Ташқи ишлар вазирлиги консулллик ҳуқуқий департаменти бошқармаси бошлиғи Бурхон Алиқулов икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар тикланмаётганининг сабабини айтиб ўтди.

“Миграция йўналиши жуда ҳам долзарб. Бизнинг департаментга ҳам кунига 20-30 та мурожаат келиб тушади. Бу ерда ҳеч қандай сиёсий сабаб йўқ. Чунки чегараларни қайсидир давлатга очиб бериш – бу ҳар бир давлатнинг ўз ички сиёсий масаласи. Масалан, Ўзбекистонда “қизил” ҳудудга киритилмаган давлатлар учун мамлакатга кириш тақиқланмаган”, дейди Алиқулов. 

Унга кўра, Ўзбекистон бу борада очиқ ҳаракатларни амалга оширмоқда. Россиянинг Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмаётганининг сабаби бевосита давлатнинг олиб бораётган сиёсати ҳисобланади. Россияда ҳам ҳудди Ўзбекистондаги каби махсус комиссия бор. Ўзбекистон томони бу масалага доимо тайёр ва очиқлигини билдиради. Қачонки, Россия томони мунтазам парвозлар тикланишига розилик билдирса, Ўзбекистон ҳам бу бўйича ҳамкорликни давом эттиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2398

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг