Россия билан бизнес кимгадир фойда келтиради, кимгадир ўлим - Зеленский дунё давлатларига огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
03 Август 2022
10305Украина Президенти Владимир Зеленский жаҳон ҳамжамиятини Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олиб, “муҳим қадам ташлашга” чақирди. Бу ҳақда Украина етакчиси Австралия университетлари талабалари ва ўқитувчиларига мурожаатида сўз очди.
“Дунё танлов қилиши керак. БМТ танлов қилиши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгаши танлов қилиши керак. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси танлов қилиши керак. ЕХҲТ танлов қилиши керак. Европа Иттифоқи давлатлари танлов қилишлари керак. НАТО давлатлари танлов қилишлари керак. G7 ва G20 мамлакатлари танлов қилишлари керак. АҚШ ўз танловини амалга ошириши ва Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олиш учун муҳим қадамни қўйиши керак. Ўша вақт келди. Орадан анча вақт ўтди. Жаҳон соати бўйича ортга ҳисоблаш бошланди. Ва кейин фақат иккита вариант бор. Қатъийлик ва шунинг учун – Россия жиноятлари ва ваҳшийликларига чек қўйиш ёки бу террорчиларнинг навбатдаги бомбасини портлатиш", дейди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, кўплаб давлатлар ўз манфаатлари ўрнини сайёра манфаатларига бўшатиб бериши керак бўлган вақт келди, акс ҳолда биринчи ва иккинчи давлатлар ҳам “глобал террорчининг ҳаракатлари туфайли таҳдид остида қолади”.
“Россия билан ҳар қандай савдо, бизнес ва ҳамкорликнинг бошқа шакллари кимгадир ақл бовар қилмайдиган фойда келтиради, кимгадир эса ўлим олиб келади. Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, энергетика ёки бошқа ҳар қандай мақсадга мувофиқлик минглаб одамларнинг ҳаётига тенг. Айнан рус қуроллари билан ўлдирилаётганлар ҳаётига”, дея қўшимча қилди Зеленский.
Россияни терроризм ҳомийси деб тан олиш
Россия Федерациясини терроризм ҳомийлари рўйхатига киритиш чақириғи билан Украина АҚШга мурожаат қилган. Шунга ўхшаш таклифлар АҚШ Конгрессининг бир қатор аъзолари томонидан ҳам билдирилган. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова аввалроқ бу ташаббусларни “аҳмоқона ўлчов” деб атаган. Дипломат АҚШнинг бундай қадамлари Россия томонидан жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирган.
АҚШ Сенати Россияни террорчилар ҳомийлари рўйхатига киритиш ҳақида резолюция қабул қилиб, Давлат департаментига юборди. Бироқ у мажбурий кучга эга эмас. Шундан сўнг Конгресснинг Вакиллар палатаси Департаментни мажбурлаш кучига эга бўлган ҳужжат ишлаб чиқишга киришди.
Терроризм ҳомийлари рўйхатига Вашингтон назарида халқаро террорчилик ҳаракатларини қайта-қайта қўллаб-қувватлаган давлатлар киритилиши мумкин. Америка маъмурияти рўйхатдаги давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш нуқтаи назаридан кенг ваколатларга эга. АҚШ Молия вазирлиги ушбу юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, рўйхатдаги мамлакатлар билан савдо қилувчи давлатларга қарши чоралар кўриши мумкин. 1979 йилдан бери Вашингтон маъмурияти ўз рўйхатига фақат оз сонли давлатларни қўшган. Рўйхатга ҳозирда Эрон, Шимолий Корея, Куба ва Сурия киритилган.
LiveБарчаси