Россия армиясига ёлланган 57 ёшли ўзбекистонлик 3 йилга қамалди
3-саҳифа
−
12:15 2150 2 дақиқа
Жорий йилнинг 28 январь куни Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Россия Федерацияси Қуролли кучлари таркибида хизмат қилиб, Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, 57 ёшли эркак 2022 йил август ойида ишлаш мақсадида Россияга кетган. Бир неча ой қурилиш соҳасида ишлаганига қарамай, оғир меҳнат шароити ва даромаднинг камлиги уни қониқтирмаган. Шундан сўнг у катта маош ва Россия фуқаролигини олиш умидида Россия Мудофаа вазирлиги билан 2023 йил июнь ойида бир йиллик ҳарбий шартнома имзолаган.
Шартномага мувофиқ, айбланувчи Россия Федерацияси Қуролли кучларининг 02511-сонли ҳарбий қисмига ўқчи сифатида қабул қилинган ва ойига 210 минг рубль (~33 млн сўм) маош олган. 2023 йил июнь ойида у Украинага юборилиб, Харьков вилоятидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган. 2023 йил август ойида жанг вақтида оёғидан яраланиб, Россия ҳарбий госпиталида даволанган.
Шартнома муддати тугагач, у Россияга қайтиб, жанговар хизматлари учун “Георгий Жуков” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2025 йил февраль ойида эса унга Россия фуқаролиги берилган.
Бироқ, 2025 йил кузида Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унга нисбатан текширув ўтказилган. Унинг телефонида Россия армиясида хизмат қилганини тасдиқловчи ҳужжатлар, ҳарбий гувоҳнома, рапортлар ва фотосуратлар аниқланган.
Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирган. У бу қарорга оғир моддий аҳволи, қарзлари ва оиласини боқиш зарурати сабаб қўл урганини айтган.
Суд унинг айбига иқрорлиги, илгари судланмагани ва ижобий тавсифномаларини инобатга олиб, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд деб топилган. Суд Жиноят кодексининг 57- моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланган.
Шунингдек, суд ашёвий далил сифатида олинган телефон, медаль ва ҳарбий гувоҳномани оила аъзоларига қайтариш, Россия фуқаролик паспортини эса қонуний тартибда ҳал қилиш учун тегишли идораларга юбориш ҳақида қарор чиқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинадаги урушдан қочишга уринган Ўзбекистон фуқаросига Россияда 7 йил 9 ойга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси