Россия Арманистон ва Эрон чегарасини қўриқлашни тўхтатади
Олам
−
09 Октябрь
8355Россия чегарачилари Арманистон ва Эрон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктини қўриқлашни тўхтатади. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг матбуот котиби Назели Багдасарян Facebook’даги саҳифасида хабар берди.
Қайд этилишича, Россия чегарачилари Арманистон мустақилликка эришганидан бери назорат-ўтказиш пунктини назорат қилиб келади. Жорий йилнинг 8 октябрь куни бўлиб ўтган Москвадаги учрашувда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин шу ҳақда келишиб олган.
Келишувга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб назорат-ўтказиш пунктида назорат тўлиқ Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) чегара қўшинлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, МХХ чегара қўшинлари Арманистоннинг Эрон ва Туркия билан давлат чегараларини ҳимоя қилишда иштирок этади.
Шунингдек, Пашинян Арманистон ва Эрон ўртасидаги чегара назорат пунктида россиялик чегарачилар хизмати учун Путинга миннатдорлик билдирган.
Чегара мавзусидан ташқари Пашинян Путин билан “Дунё чорраҳаси” лойиҳаси тафсилотларини муҳокама қилган.
Маълумот учун, “Дунё чорраҳаси” – Арманистон, Туркия, Озарбайжон ва Эрон орқали транспорт коридорини яратиш бўйича Арманистон ташаббуси. Режалаштирилганидек, у ҳар бир давлатнинг суверенитети ва юрисдикцияси остида Россия Федерацияси иштирокисиз ишлайди.