Россия АҚШдан баъзи санкцияларни бекор қилишни сўради

Олам 15592
image
-

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонни Россиядан озиқ-овқат етказиб беришни санкциялардан чиқариб ташлаш чораларини кўришга чақирди.

“Биз АҚШ ҳукуматини Россиядан озиқ-овқат ва ўғит етказиб беришни тўғридан-тўғри ва билвосита санкциялар чекловларидан чиқариб ташлашни кафолатлаш учун аниқ чоралар кўришга чақирамиз”, дейилади элчихонанинг ижтимоий тармоқда эълон қилинган баёнотида.

Элчихонанинг қайд этишича, Россия халқаро қишлоқ хўжалиги бозорларидаги мавжуд вазиятдан хавотирда ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ экспорт шартномалари бўйича “барча мажбуриятларини виждонан бажариш” ниятида.

Дипломатик ваколатхонанинг иддаосича, озиқ-овқат инқирози Ғарб давлатлари сиёсатидаги “тизимли хатолар” билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 274
Рейтинг: 3.1
t
×