Россия АҚШ ва НАТОнинг Марказий Осиёдаги ҳарбий базалари ҳақида қандай позицияда?
Олам
−
31 Март 2022
15998Москва Америка Қўшма Штатлари ва Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) ёки улар учун ишлаётган афғонларнинг ҳарбий инфратузилмасини қўшни давлатларга, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатларига жойлаштиришни номақбул деб ҳисоблайди. Бу ҳақда бугун, 31 март куни Хитойда бўлиб ўтган Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг учинчи конференциясида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
“Биз АҚШ ва НАТОнинг ёки уларга хизмат кўрсатган афғонларнинг ҳар қандай ҳарбий инфратузилмасини қўшни давлатлар ҳудудида, биринчи навбатда, Марказий Осиёда жойлаштиришни номақбул деб ҳисоблаймиз”, дейди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, бу нафақат минтақа давлатларининг хавфсизлик манфаатларига, балки Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларга ҳам зид бўлади.
Шу билан бирга, вазир афғон қочқинларини қўшни давлатлар ҳудудига жойлаштириш бўйича аризаларни жуда эҳтиёткорлик билан ўрганиб чиқишга ва эҳтимоли бўлган салбий оқибатларни синчковлик билан кўриб чиқишга чақирди. Чунки бу минтақавий хавфсизликка ва алоҳида мамлакатларга таҳдид солиши мумкин.
Аввалроқ, АҚШ Афғонистондаги эҳтимолий таҳдидларга қарши туриш учун россияликларнинг Марказий Осиёдаги базаларидан фойдаланиш имкониятларини расмий Москва билан муҳокама этаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари мамлакат ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик позициясини танлаган ва бу йўналишда қатъий туради. Бироқ, 1995 йилда Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастурига қўшилган бўлиб, айнан шу йўналишда ҳамкорликни давом эттирмоқда.
LiveБарчаси