Россия ҳарбийлари машғулотларни тугатиб, Қримдан чиқиб кетди
Олам
−
16 Февраль 2022
5079Россия Қуролли Кучларининг Жанубий ҳарбий округи бўлинмалари Қрим яриморолидаги машғулотларни якунлаб, ҳудудни тарк этди. Бу ҳақда округ Матбуот хизмати хабар берган.
Қайд этилишича, округ бўлинмалари Қримдан жўнаб кетишдан олдин эшелонларни юклаш меъёрларини ишлаб чиққан.
"Қримдаги темир йўл станцияларида Жанубий ҳарбий округ бўлинмалари ҳарбий техникани платформаларга юклаш меъёрларини ишлаб чиқди. Бир кун ичида Қрим яриморолининг ҳар бир жалб қилинган темир йўл станцияларида иккитадан эшелон жўнаб кетиш учун тайёрланди. Айни дамда округ бўлинмаларининг ҳарбий техникаси билан биринчи эшелонлари Қрим Республикасини тарк этди”, дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, кеча, 15 февраль куни Мудофаа вазирлиги Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округлар машғулотлардан кейин ҳарбий гарнизонларга қайтишга ҳозирлик кўраётганини маълум қилганди.
Маълумот ўрнида, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия истаган пайтида Украинага қарши ҳарбий амалиётларни бошлаши ва ҳужум турли шаклларда бўлиши мумкинлигини айтган.
Кеча, 15 февраль куни Украинадаги бир нечта банклар ва Мудофаа вазирлиги веб-сайтлари хакерлик ҳужумига учради.
Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинаг босқин тайёрлашда айблаб келаётганди. Ғарб ОАВда эса ҳаттоки ҳужум қилиж режалари, шунингдек санасини ҳам эълон қилганди. Бундан ташқари, АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Ҳозирда ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлган ҳарбийларни чегарадан ўз жойига қайтариш бошланди.
LiveБарчаси