“Росатом” Ўзбекистонда 2 та АЭС қуради

Жамият

image

Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси томонидан Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган атом электр станцияси (АЭС) лойиҳаси қайта форматланди. Энди мамлакатда ҳар бири икки реактордан иборат биттадан кичик ва катта АЭС қурилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишидан сўнг маълум қилди.

Тадбирда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов иштирок этган.

“Ўтган йили кичик қувватли АЭС қурилиши бошланган эди. Жорий йилда эса икки давлат раҳбарлари ушбу лойиҳани қайта кўриб чиқиб, натижада каттароқ қувватли икки реактордан иборат станция ва кичик қувватли икки реактордан иборат станция қуришга келишиб олди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий йил апрель охирида “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв журналистларга берган интервьюсида Ўзбекистонда кичик АЭС қурилиши доирасида яқин бир йил ичида бетон қуйилишини кутаётганларини айтган. У, шунингдек, Ўзбекистонда катта АЭС қурилиши бўйича ҳам компания тайёр таклифлар ишлаб чиққанини билдирган. Бу таклифлар орасида молия модели, ташкилий масалалар ва максимал маҳаллийлаштиришга доир вариантлар мавжуд.

Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган кичик АЭС – бу “Росатом”нинг хориждаги илк экспорт лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа бўйича икки давлат ўтган йилнинг баҳорида келишувга эришган, кузда эса техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва лойиҳа ишларини бошлаш тўғрисида протокол имзоланган эди.

Аввалги режаларга кўра, ҳар бирининг қуввати 55 МВт бўлган олти реактор қурилиши керак эди. Қурилиш ишлари жорий йил ёзида бошланиши, АЭСнинг босқичма-босқич ишга туширилиши эса 2029-2033 йиллар оралиғида амалга оширилиши режалаштирилган.

“Росатом” раҳбарининг илгарироқ берган баёнотларида билдиришича, лойиҳани молиялаштиришни Ўзбекистон томони зиммасига олади, Россия кредити эса ҳозирча кўриб чиқилмаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Росатом АЭС Лазиз Қудратов Максим Решетников

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг