Роналдуни йиғлатган ўйин – Спорт дайжести

Таҳлил

Бугун Роналдуни йиғлатган ўйин, Олимпия жамоасига чақирилмаган Англиядаги ўзбек футболчиси ва Рамзан Қодиров томонидан Чеченистонга таклиф қилинган Нурсултон Рўзибоев ҳақида гаплашамиз.

Файзуллаев Россияда “Мавсум  кашфиёти” мукофотини қўлга киритди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Россиянинг ЦСКА жамоаси сафида тўп сурадиган футболчи Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер лигаси томонидан "Мавсум кашфиёти" номинацияси бўйича ғолиб деб эълон қилинди.

Билдирилишича, Аббосбек Файзуллаев Москванинг "Динамо" клуби ярим ҳимоячиси Бителло ва Самаранинг "Крилья Советов" жамоаси ҳужумчиси Никита Салтиковдан овозлар сони бўйича ўзиб кетди.

“Менга овоз берган барчага раҳмат, бундай совринни қўлга киритиш жуда ёқимли, мен барча жамоадошларим, мураббийлар ва раҳбариятга қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдираман”, дейди Файзуллаев.

Маълумот учун, 20 ёшли ЦСКА ярим ҳимоячисининг Россия чемпионати жорий мавсумидаги самарали ҳаракатлари сони 11 тага етган, яъни Файзуллаев РПЛда 4 та гол уриб, 7 та голли узатмани амалга оширди. Бу натижа учун ўзбекистонлик футболчига 21 та ўйин етарли бўлди.

Мадримовнинг рақиби WBC камаридан маҳрум қилинди

Америкалик боксчи Теренс Кроуфорд энди Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) версияси бўйича ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони эмас.

Айни пайтда боксчининг мақоми “таътилдаги чемпион” сифатида белгиланган. Кроуфорд ўтган ёзда Эррол Спенсни техник нокаут билан мағлуб этиб, WBC чемпионлигини қўлга киритган эди.

3 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида 36 ёшли Теренс ўзбекистонлик Исроил Мадримовга қарши рингга чиқади. У профбоксда 40 та ғалабаси (31 таси нокаут билан) қайд этган. 29 ёшли Исроил Мадримов эса 11 та жангда қатнашиб, 10 тасида ғалаба қозонган. Мадримов иштирокидаги 1 та жангда дуранг қайд этилган.

Қодиров мени Чеченистонга таклиф қилди – Нурсултон Рўзибоев 

Жорий йилнинг 26 май куни Тошкентга келган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев билан ҳам учрашиб, спортчини машғулот ўтказиш учун Чеченистонга таклиф қилди. Бу ҳақда Рўзибоевнинг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

“Қодиров мендан UFC'да нечта жанг ўтказганимни сўраб, машғулот ўтказиш учун Чеченистонга таклиф қилди ва барча шароитларни яратиб беришини айтди. Аввал Чеченистонга тез-тез машғулот ўтказгани борардим, Қодиров охирги пайтларда “Аҳмат” клубига кам бораётганимни эслатди. Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров ҳам келгуси фаолиятимга омад тилади”, дейди Рўзибоев.

Маълумот учун, Нурсултон Рўзибоев 2023 йил 1 июлда UFC'даги дебют жангини ўтказган. У ташкилотдаги илк тўқнашувида бразилиялик Бруно Феррейрани мағлубиятга учратган. Ҳозирга қадар спортчи ташкилотда 3 та жанг ўтказиб. 2 та ғалабага эришди, 1 та тўқнашувда эса имкониятни бой берди.

IBA Олимпиада совриндорларига қанча мукофот пули беришини маълум қилди

Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) Париждаги Олимпия ўйинларининг бокс баҳсларида ғолиб бўлган спортчиларга 100 минг доллар тўлайди. 

Олтин медални қўлга киритган спортчига 50 минг доллар, унинг миллий федерацияси ва мураббийига 25 минг доллардан, Париж Олимпиадаси кумуш медали совриндорига 25 минг доллар, яна 25 минг доллардан мураббий ва миллий федерацияга тўлаб берилади. Бронза медали соҳиби учун 25 минг доллар ажратилади, 12,5 минг доллар миллий федерация ва мураббий ўртасида тенг тақсимланади.

Чорак финалда мағлуб бўлган ва бешинчи ўринни эгаллаган спортчиларнинг ҳар бири 10 минг доллардан мукофот жамғармасига эга бўлади.

“Биз спортчиларни Олимпия ўйинларидаги муваффақиятлари учун тақдирлашда энг яхшиларидан бири эканлигимиздан фахрланамиз. IBA президенти сифатида мен доимо спортчиларимиз яхши ҳаёт кечириши учун курашаман. Мен 2024 йилги ўйинларнинг янги чемпионлари, медаллари ва чорак финалчиларини шарафлаш имкониятини интиқлик билан кутяпман”, дейди IBA президенти Умар Кремлёв.

Маълумот учун, Париж Олимпиадаси 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Суперкубоги Қаршига йўл оладиган бўлди

29 май куни Тошкент шаҳридаги Бунёдкор стадионида футбол бўйича Ўзбекистон Суперкубогининг финал баҳси бўлиб ўтди. Ҳал қилувчи ўйинда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби Қаршининг "Насаф" жамоаси билан куч синашди.

Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Дастлаб 54-дақиқада "шерлар" аъзоси Драган Черан пенальтидан гол уриб, ҳисобни очган бўлса, 84-дақиқада "аждарлар" футболчиси Шароф Муҳитдинов узоқдан зарба бериб, ҳисобни тенглаштирди.

Асосий вақт дуранг билан якунлангач, бош ҳакам Азиз Асимов пенальтилар сериясига рухсат берди. Футбол лотореяларида эса қаршиликларнинг қўли баланд келди.

Шундай қилиб, Рўзиқул Бердиев шогирдлари ўз тарихида учинчи марта Ўзбекистон Суперкубогига эга чиқди.

Муҳаммадали Ўринбоев Олимпиадада қатнашадими?

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ва Англиянинг “Брентфорд” клуби аъзоси Муҳаммадали Ўринбоев ҳозиргача Ўзбекистон Олимпия терма жамоасидан ҳеч қандай чақирув олмаган. Бу ҳақда унинг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

“Ҳар бир футболчи Олимпиадада иштирок этишни ният қилади. Мен ҳам бундай имкониятни қўлдан чиқармаган бўлардим, бироқ ҳозирча менга Олимпия терма жамоасидан чақирув бўлмади”, дейди Ўринбоев.

Маълумот учун, 19 ёшли Муҳаммадали Ўринбоев жорий йилнинг январь ойидан буён “Брентфорд Б” клубида тўп тепади. Ҳозирга қадар Ўринбоев ўринбосарлар таркибида бир нечта ўйинда майдонга тушиб, гол ва ассистлар қайд этишга улгурди.

Роналдуни йиғлатган ўйин. “Ал-Наср” Қирол кубогини бой берди

1 июнга ўтар кечаси “Ал-Ҳилол” ва “Ал-Наср” жамоалари тўқнаш келган Саудия Арабистони Қирол кубогининг финал учрашуви якунига етди. Ўйин Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги “King Abdullah Sports City” стадионида бўлиб ўтди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Қўшимча бўлимларда ҳам жамоалар ғолибни аниқлай олмади, аммо пенальтилар сериясида “Ал-Ҳилол” омадлироқ бўлиб чиқди (5:4).

Еттинчи дақиқада “Ал-Ҳилол” ҳужумчиси Александр Митрович учрашувда ҳисобни очди. 88-дақиқада “Ал-Наср” ҳужумчиси Айман Яҳё ҳисобни тенглаштирди. 56-дақиқада “Ал-Наср” дарвозабони Давид Оспина тўғридан тўғри қизил карточка олди. 87-дақиқада “Ал-Ҳилол” ҳимоячиси Али Ал-Булайҳи ҳам майдондан четлатилди. 90-дақиқада “Ал-Ҳилол” ҳимоячиси Калиду Кулибали иккинчи сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди.

Мағлубиятдан сўнг “Ал-Наср” юлдузи Криштиану Роналду кўз ёшларини тия олмади. 

“Ал-Ҳилол” кетма-кет 34 учрашувда ғалаба қозониб, расмий жаҳон рекордини ўрнатди. Клуб 2023 йил сентябридан 2024 йил апрелига қадар барча ўйинларда зафар қучди ва бу натижа орқали риёдликлар Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди. 

Қирол кубоги ярим финал босқичида “Ал-Ҳилол” жамоаси “Ал-Иттиҳод”ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўз навбатида, “Ал-Наср” жамоаси “Ал-Халиж”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Саудия Арабистони чемпионатининг жорий мавсумида жамоалар икки марта тўқнаш келган. “Ал-Ҳилол” биринчи даврада “Ал-Наср”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи ўйинда эса томонлар дурангга имзо чекди.


Мақола муаллифи

Теглар

спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг