“Роналдо” бошлиқ: Андижонда ёлланма қотилликнинг олди олинди (видео)
3-саҳифа
−
13 Февраль 6407 2 дақиқа
Андижон вилоятида тадбиркорни 1500 доллар эвазига ўлдиришга келишган ёлланма қотил ва унинг шериклари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 февраль куни Андижон вилоятида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан суиқасд режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган. Аризада беш кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ 1500 АҚШ доллари эвазига уни қасддан ўлдириш учун ёлланма қотил билан келишувга эришгани билдирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ёрдам сўралган.
Мазкур мурожаат асосида Андижон вилояти ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида Пахтаобод тумани ҳудудида махсус тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 2000 йилда туғилган, аввал ҳам бир неча бор судланган шахс тадбиркорни ўлдириш эвазига келишилган 1500 долларнинг бир қисми — 300 минг сўмни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор ҳаракатлар давомида гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам ушланган. Тергов маълумотларига кўра, “Роналдо” лақабли, 1984 йилда туғилган шахс жиноий гуруҳга бошчилик қилган. У ва яна бир неча гумонланувчилар муқаддам турли моддалари билан судланган бўлиб, улар орасида тиббиёт муассасаси раҳбари ҳам бор. Шунингдек, 2003 йилда туғилган талаба ҳам жиноий ҳаракатларга жалб этилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси иккинчи қисми “п” банди (қасддан одам ўлдиришга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг Марсель шаҳрида такси ҳайдовчисини ўлдирганликда айбланаётган 15 ёшли бола ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, ўсмир гиёҳванд модда сотувчилари томонидан онлайн тарзда ёлланган. Уни Марселга олиб келиб, қурол беришган ва рақиб тўда аъзосини ўлдириш учун шартнома тузилган. Вояга етмаган қотил такси буюртма қилган, аммо номаълум сабабларга кўра ҳайдовчи билан жанжаллашиб, уни отиб ташлаган. Бундан хабар топган қотиллик ташкилотчилари полицияга қўнғироқ қилиб, буйруқни бажармаган ўсмирни “сотган”.
Мусулмон Содиқ
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль