Ромитан, Жиззах ва Нарпайда газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди

3-саҳифа 2734
image

Ромитан, Жиззах ва Нарпай туманларида табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Департаментнинг Ромитан туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ғ.Э.” хусусий корхона масъул шахслари табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан улангани натижасида давлат ва жамият манфаатларига 352,6 млн сўм зарар етказилгани аниқланган.

Шу каби, Жиззах туманида фуқаро О.Ш. муқаддам табиий газдан ноқонуний фойдалангани ҳолати бўйича судланган бўлса-да, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, такроран ўз яшаш хонадонида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган ҳолда оҳак ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келгани аниқланган. У таъминотчи корхонага жами 137,7 млн сўм зарар етказган.

Шунингдек, Нарпай туманида ўтказилган терговга қадар текширувда, “С.С.” МЧЖнинг Нарпай филиали муҳандиси Ф.М. ва бошқалар туман электр таъминотидан рухсатнома олмасдан, ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри электр тармоғига уланган ҳолда фойдаланиб келиши натижасида давлат ва жамият манфаатларига 301,8 млн сўм зарар етказилгани ойдинлашган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2–моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3.1
t
×