“Роддом”да фуқаро тиббиёт ходимининг сочидан тортиб, судрашига нима сабаб бўлгани айтилди

3-саҳифа

image

Бугун, 27 август куни Фарғона вилоятида эркак киши туғуруқхонада ҳамширанинг сочидан тортиб судраб чиқаётганлиги акс этган видеоёзув тарқалгани ҳақида хабар бергандик.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, тиббиёт ходимига қўл кўтарган эркак собиқ ички ишлар ходими бўлиб чиққан. Тиббиёт бирлашмасида юз берган ушбу ҳодисага ўпкаси 70 фоизга ривожланмаган чақалоқнинг туғуруқдан сўнг, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этиши сабаб бўлган.

“Сўнгги вақтларда юртимизда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан ўз касбий фаолиятини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан куч ишлатиш ва тажовуз қилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Афсуски, кўп ҳолларда тиббиёт ходимларига қилинаётган бундай  тажовузлар натижасида уларнинг соғлиғига жиддий зарар етиб, кейинги фаолиятига салбий таъсир қилмоқда”, дейилади ССВ хабарида. 

Аниқланишича, ҳолат жорий йилнинг 25 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида содир бўлган. 

1998 йилда туғилган фуқаро М.С. туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига “ҳомиладорлик 2, туғуруқ 2, ҳомиладорликнинг 39 ҳафтаси. Туғуруқнинг биринчи даври” ташхиси билан қабул қилиниб, 26 август куни соат 16:00 ларда тирик, жинси ўғил, 3200 грамм вазнли, аммо оғир аҳволдаги чақалоқни дунёга келтирган.

Қайд этилишича, туғуруқни акушер-гинеколог Ю.А. ва шифокор-неонатолог Ҳ.Н қабул қилган. Дастлабки тиббий текширувлар натижасида болада она қорнидалик даврида эмбрионал ривожланиш ва ҳомила органларининг пайдо бўлиши бузилган ва нуқсонли ривожлангани аниқланган. Шу сабабли гўдак тўлиқ ривожланмаган органлар билан туғилган. Қолаверса, чақалоқда туғма нуқсонлар кузатилиб, боланинг ўпкаси 70 фоизга ривожланмаган.

Шу боис, чақалоқ зудлик билан интенсив терапия хонасига ўтказилиб, унга зарур реанимацион ёрдам кўрсатилган. Бироқ боланинг ўпкаси ўз фаолиятини бажармаганлиги сабабли унда оғир асфиксия ҳолати кузатилган. 

“Афсуски, тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилган керакли реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан, гўдак 2021 йилнинг 27 август куни соат чамаси 12:20 да “Ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги” ташхисидан вафот этган. Шундан сўнг чақалоқ мурдаси ва тиббий хужжатлар паталогоанатомик текширувга юборилган”, дейилади вазирлик хабарида.

Шифокор-неонатолог Ҳ.Н чақалоқ вафот этганлиги сабабли шу куни соат чамаси 12:30 да гўдакнинг буваси, фуқаро С.С.ни чақириб, унга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилган. Бироқ С.С. муассаса  туғуруқ бўлимининг врачлар хонасида туғуруқ тарихларини ёзиб ўтирган ва туғуруқни олиб борган акушер-гинеколог Ю.А.нинг олдига бориб, уни сабабсиз сочидан тортиб, ташқарига судраб олиб чиқиб, жиддий тан жароҳати етказган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу зўравонлик ҳаракатини содир этган шахс, яъни 1971 йилда туғилган фуқаро С.С. ўз вақтида ички ишлар органлари тизимида ишлаб, нафақага чиққан. 

“Тиббий текширув давомида жабрланган шифокор Ю.А.га мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда шифокор туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам маркази жарроҳлик бўлимида даво муолажаларини олмоқда, дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратга олган мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2164

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг