Робахон Маҳмудова жиззахлик сайловчилар билан учрашди
Жамият
−
14 Октябрь
2584Яхши маълумки, 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган маҳаллий вакиллик органлари сайлови бу борадаги янги сиёсий босқични бошлаб беради. Ҳар бир овоз – бу халқнинг фикри, уларнинг талабларига асосланган амалий қадамлар учун асос бўлади. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” социал-демократик партияси бу жараёнда фаол иштирок этиш, пировардида, сайловчилар ишончини қозониб, буни келгуси беш йилликда амалий ечимлар билан оқлашга жиддий ҳозирланмоқда. Шу мақсадда партия етакчиси Робахон Маҳмудова раҳбарлигида партия тизимидаги тузилмалар вакиллари, фаоллар, депутатликка номзодлар жойларда аҳоли билан мунтазам мулоқотлар ўтказяпти. Ҳар бир учрашувда партиянинг олий таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, оила ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мақомини мустаҳкамлаш бўйича халқчил таклифлари муҳокама қилинаётгани ва бу жараёнлар халқнинг эҳтиёжларига тўғридан тўғри жавоб бериши кўп бора таъкидланаётгани эса эътирофга сазовор.
Бугун, 12 октябрь куни Робахон Маҳмудова жорий сайлов кампаниясида аҳоли манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, шунингдек, партиянинг янги сайловолди дастури мазмун-моҳиятини сайловчиларга халқчил тилда тушунтириш ва электорат вакиллари билан яқиндан мулоқот қилиш учун Жиззах вилояти Пахтакор туманида бўлиб, аҳоли билан учрашди. Даставвал партия етакчиси тумандаги “Пахтакор” МФЙ гузарида бўлиб, маҳалла идораси ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар билан учрашди. Ўзаро самимий руҳда кечган мулоқотларда маҳалла вакиллари сўнгги йилларда маҳалла институтини ривожлантириш, ҳудудлар ижтимоий инфратузилмасини янги замон талаблари асосида мустаҳкамлаш, маҳалла идораси одамлар муаммоларини ҳал этиш, уларнинг фикрларини эшитиш ва давлат ҳаётидаги иштирокини белгилашда бирламчи бўғин сифатида шаклланаётганини қайд этишди.
Шунингдек, бу жараёнда депутатлар аҳоли муаммоларини тизимли ҳал қилишда фаоллиги анча жонлангани, ўзбек халқи сиёсий партияларнинг жорий сайлов кампаниясида олиб бораётган ҳаракатларини кузатиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, айниқса, кекса авлод вакиллари “Адолат” СДПнинг янги Сайловолди дастурида бу йўналишларда нималар акс этгани билан қизиқиб, партия етакчисига мурожаат қилди. Робахон Маҳмудова пахтакорликларнинг жорий муҳим сиёсий тадбирга бефарқ эмаслиги, депутатликка муносиб номзодларини танлаб олишга жиддий эътибор бераётганидан мамнунлигини билдирди ҳамда партиянинг кекса авлод ҳақида қайғуриши доимий диққат-эътиборида бўлишини маълум қилди.
“Бу борада кексаларга мўлжалланган турли-туман тадбирларни ўз ичига олувчи алоҳида комплекс соғломлаштириш дастурини ишлаб чиқиш, айниқса, қариялар билан ишлайдиган шифокор-геронтологлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шифохоналар ва поликлиникаларда қариялар билан ишловчи шифокор-геронтолог штатини жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз”, деди Сиёсий Кенгаш раиси.
Шундан сўнг Робахон Маҳмудова маҳалла гузарида ташкил этилган тикув цехи фаолияти билан танишди.
Сиёсий Кенгаш раиси цех фаолиятидан танишгандан сўнг туман молия бўлими ҳудудида жойлашган “Адолат” СДП тарғибот-ташвиқот пункти ишини ўрганди. Ўрганиш давомида партиянинг ҳудуддаги танилувчанлиги, партия фаолиятидан хабардорлик даражасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, бунинг маҳаллий аҳоли ҳаётидаги ижтимоий ва сиёсий фаолиятга таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Боиси ушбу пункт маҳаллий аҳолининг муаммоларини аниқлаш, уларнинг фикрларини тинглаш ва аҳолининг сиёсий жараёнлардаги иштирокига кўмаклашишда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Робахон Маҳмудова партиянинг янги Сайловолди дастури фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодий ривожланиш, экологик муҳофаза ва ижтимоий адолат каби муҳим масалаларни қамраб олганига урғу бериб, аҳолини “Адолат” СДПга овоз беришга чақириш учун жараёнларни юқори савияда ўтказиш, партия мақсадларини халқчил тилда тушунтириб бериш зарурлигини таъкидлади. Партия етакчиси маҳаллий тадбиркорга фаолият турини кенгайтириш, маҳсулотларни нафақат ички бозор, балки экспортга ҳам йўналтириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.
Шундан сўнг партия етакчиси туман молия бўлими фаоллар залида “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши масъуллари, депутатликка кўрсатилган номзодлар, партия фаоллари, маҳалла фаоллари ва ОАВ вакиллари билан учрашди. Учрашувни “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров кириш сўзи билан очиб, вилоят Кенгаши томонидан сайлов кампанияси даврида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, пунктлар фаолияти, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари юзасидан маълумот берди. Жумладан, сайловчиларни “Адолат” СДП номзодлари, партиянинг асосий ғоя ва таклифлари, 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури билан таништириш бўйича ўтказилаётган тадбирлар изчилликда давом этаётганини қайд этди.
Учрашув давомида Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Маҳмудова “Адолат” СДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури мазмун-моҳияти, хусусан, аҳоли фаровонлиги, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича акс этган ғоя ва таклифлари юзасидан сўз юритди.
“Партиямиз келгуси беш йилликда бошқа йўналишлар қатори хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларни янада кенгайтиришга ҳам устувор аҳамият қаратади. Албатта, бунда биз уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни олиб боришимизни алоҳида таъкидлашни истардим”, деди Робахон Маҳмудова.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Адолат” СДПнинг юқоридаги мақсад ва режалари асосида янги Сайловолди дастурда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлган, узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш учун самарали ва халқчил таклифлар ўрин олган. Масалан, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, айниқса, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтириш, зўравонликнинг турли кўринишларига учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга давлат томонидан бепул бериладиган витаминлар, йод ва фолий кислотасининг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини таъминлаш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш шулар жумласидандир.
Сиёсий Кенгаш раиси мазкур таклифларни партия келгуси беш йилликда амалиётда жорий этиш бўйича ижтимоий адолатни таъминлаш, аёлларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва оиладаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилганини қайд этди. Шунингдек, мамлакат ижтимоий сиёсатини янада кучайтириш, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилашга интилиши ҳамда шу орқали Ўзбекистондаги ҳар бир аёл ва боланинг фаровонлиги, соғлом ҳаёт кечириши ва ижтимоий муаммоларни аниқлашда фаол иштирок этишни таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашув давомида сайловчиларга вилоят Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига кўрсатилган номзодлар Сайловолди дастурлари таништирилди. Хусусан, 17-Жиззах сайлов округидан депутатликка номзод Махсуда Қаршибоева сўзга чиқиб, йиғилганларга ўз Сайловолди дастурида акс этган муҳим таклифлар юзасидан маълумот берди. Қайд этилганидек, унда асосий эътибор тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлашнинг самарали тизимини шакллантириш ҳамда тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига номзод Дилбар Ҳакимова келгуси беш йиллик фаолиятида таълим соҳасини янада такомиллаштириш, талаба-ёшларнинг ўқиш даврида ўз мутахассислигидан келиб чиқиб амалиёт ўташлари ва муносиб иш билан таъминланиши мақсадида партия илгари сураётган “Кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳасини вилоятда ошириш зарурлигини таъкидлади.
Якунда учрашув иштирокчилари партиянинг янги Сайловолди дастурида эътиборни тортган айрим жиҳатлар, таклифлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
LiveБарчаси