Роҳинга мусулмонларининг геноцидида айбланган аёл юз йилга қамалиши мумкин
Олам
−
11 Январь 2022
14891Мьянмада ҳарбий суд ўтган йили февралда ҳукуматдан ағдарилган Аун Сан Су Чжига камида қўшимча учта айблов қўйиб, унинг қамоқ жазосига яна тўрт йил қўшди.
76 ёшли тинчлик бўйича Нобель мукофоти ғолиби Аун Сан Су Чжи ўтган йили ҳарбийлар уюштирган давлат тўнтариши сабабли ҳукуматдан ағдарилиб, қамоққа олинганди. Унга нисбатан ҳозирга қадар 10 га яқин айбловлар қўйиб келинаётганди.
Мамлакатда тўнтаришни амалга оширган генерал Мин Аун Хлайн бошчилигидаги ҳарбийлар Аун Сан Су Чжининг уйида тинтув ўтказишган ва бир нечта айбловга асос бўлувчи далилларни топишган.
Ҳуқуқ ташкилотларига кўра, Аун Сан Су Чжига лицензиясиз ҳарбий рация мосламаларини импорт қилгани ва ўзида сақлагани учун икки йил ҳамда коронавирус билан боғлиқ карантин қоидаларини бузгани учун яна икки йилдан қамоқ жазоси тайинланган.
Ҳозирда иши ёпиқ судда кўриб чиқилаётган Аун Сан Су Чжи барча айбловларни рад этмоқда. Агарда унга қўйилаётган айбловлар ўз тасдиғини топса, у умумий ҳисобда 100 йилга қамалиши мумкин.
Ундан олдин, ўтган йили декабрь ойида у, COVID-19 чекловларини бузганликда айбдор деб топилиб, 4 йилга қамалган эди.
“MRTV” ахборот агентлигига кўра, ҳозирда қаерда сақаланаётгани номаълум бўлган Аун Сан Су Чжига нисбатан қўйилган айбловлар устидан аппеллация ўтказилади.
Ўтган йили октябрь ойида унинг адвокатларига суд иши ҳақида маълумот бериш таъқиқлаб қўйилган эди. Телевидениега эса суд жараёнини ёритмаслик буюрилган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Аун Сан Су Чжи Мьянмада яшовчи 1,4 миллиондан ортиқ Роҳинга мусулмонларини мамлакатдан чиқариб юборишга уриниш ва ҳатто уларнинг геноцидида ҳам айбланган эди.
Унга нисбатан бундай айбловлар бир нечта нуфузли халақро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан олиб борилган суруштирувлар натижасида қўйилган.
Оммавий қотилликлар ортидан, Аун Сан Су Чжи ўзига қўйилган барча айбловларни БМТ минбарида нутқ сўзлаб, оқлашга уринган.
Маълумот учун, “Сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси”га кўра, ўтган йил февраль ойида бошланган давлат тўнтариши даврида, мамлакат бўйлаб 10 600 киши ҳибсга олиниб, намойишга чиққанлар орасида 1 303 киши ўлдирилган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси