Рейтинг: ММА’нинг энг бой чемпионлари кимлар?

Спорт 8645
image

South China Morning Post нашри аралаш яккакурашлар (ММА) тарихидаги энг бой спортчилар рейтингини эълон қилди. Унга кўра икки вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Конор Макгрегор 400 миллион доллар билан биринчи поғонада қайд этилган. 

Енгил вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов эса иккинчи поғонада қайд этилган. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, Нурмуҳамедовнинг бойлиги 40 миллион долларни ташкил этади. 

Кейинги ўринларни икки вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Жорж Сен-Пьер (30 миллион доллар), оғир вазн тоифасида собиқ чемпион Брок Леснар (25 миллион доллар) ва икки вазнда экс-чемпион Би Жей Пенн (22 миллион доллар) эгаллади.

32 ёшли Макгрегор сўнгги марта жорий йилнинг январь ойида ўтказилган UFC 257 турнири доирасида Дастин Порьега мағлуб бўлганди. Баҳснинг иккинчи раундида Дастин Конорни нокаутга учратишни уддалаган эди. Ирландиялик спортчи фаолияти давомида 27 та жанг ўтказиб, 22 ғалаба ва 5 мағлубият қайд этган. UFC тарихида икки вазн чемпионлигини қўлга киритган дастлабки жангчи ҳисобланади.

32 ёшли Нурмуҳамедов эса 2020 йил октябр ойида ўтказилган UFC 254 турнири доирасида Жастин Гетжини бўғиш усули билан мағлуб этди. Жангдан кейин россиялик спортчи фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У ММАда ўтказган 29 та жангининг барчасида рақибларини мағлуб этган. Шунингдек, UFC промоушенида 13 марта ғалаба қозонган. Гетжи билан жанг Ҳабиб учун отаси Абдулманап Нурмуҳамедов вафот этганидан кейинги биринчиси бўлган эди. Жорий йил 19 мартда ташкилот президенти Дана Уайт Нурмуҳамедовнинг спортдан кетганини расман тасдиқлади.

Маълумот ўрнида, Конор Макгрегор ва Ҳабиб Нурмуҳамедов 2019 йилнинг октябрь ойида UFC 229 мусобақасининг асосий кардида тўқнаш келган ва беллашувнинг 4 раундида Ҳабиб рақибини бўғиш услуби билан мағлуб этган. Жанг якунида эса катта жанжал келиб чиққан эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 276
Рейтинг: 3
t
×