Рекордларни янгилаган аномал совуқ ёхуд қишни қўшнилар қандай ўтказяпти? (фоторепортаж)

Бу қизиқ

image

Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳароратининг аномал пасайиши кузатилмоқда, бундан ташқари, бир қатор ҳудудларда кучли қор ёғиши ҳам қайд этилди. Шимолдан кириб келган арктика ҳаво массаларининг бундай ҳолатларни вужудга келтириши одатий ҳол эмас. Куни кеча Қозоғистонда кузатилаётган аномал ўзгаришлар ҳақида хабар берган эдик, бугунги мақоламизда эса Марказий Осиё ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида кузатилган ва кузатилаётган аномал совуш ҳақида маълумот берамиз.

Қирғизистон

12-13 январь кунлари Қирғизистонда яқин вақт ичидаги энг совуқ кунлар бўлиши кутилганди, шаҳар ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундузи -10 даража совуқдан -19 даражагача, кечаси эса -12 даражадан -22 даражагача совуқ қайд этилган. Тоғ ва тоғолди ҳудудларда эса кундузи -14 даражадан -23 даражагача, кечаси -17 даражадан -35 даражагача,  ҳатто -38 даражагача совуқ бўлиши кузатилган. 12 январь куни кечқурун мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида қор ёғди, шунингдек йўллар ҳам муз билан қопланди. Аномал совуқ кириб келиши фонида Қирғизистонда мактаб таътиллари 16 январгача узайтирилди. Бугун, 14 январь куни ҳам Қирғизистонда совуқ ҳаво сақланиб қолмоқда, кундузи мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати 7-13 даражагача, кечқурун 12-22 даражагача, айрим тоғли ҳудудларда -27 даражагача, пойтахт Бишкекда кундузи -12, кечаси -18 даражагача совуши кутилмоқда.

Тожикистон 

10 январь куни Тожикистонлик синоптиклар аҳолини яқинлашиб келган ноқулай об-ҳаво шароитидан огоҳлантирди. Хабарда айтилишича, энг паст ҳарорат Булункўл ҳудудида – -50 даражагача, Тоғли-Бадахшон автоном вилоятида эса -37 даражагача совуқ бўлиши кутилган.   10-11 мамлакатнинг аксарият ҳудудларида энг кучли қор ёғиши, шамол тезлиги секундига 17-22 метр тезликкача етиши мумкинлиги ҳам хабар қилинган. Шу билан бирга, 11—14 январь кунлари мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати 15-20 даража, тоғли ҳудудларда эса -25 даражагача совуқ бўлиши мамлакат метеорологлари томонидан маълум қилинган. Расмийлар йўлларнинг музлагани туфайли ҳайдовчиларни эҳтиёткорликка, тезликни оширмасликка чақирган. 9 январь куни Душанбе-Хўжанд автомобиль трассаси кучли қор ёғиши туфайли ёпилган эди, шунингдек, 10 январь куни қор кўчиш хавфи бўлган бир қанча ҳудудларда ҳаракатланиш чекланган ёки тўхтатилганди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 14-18 январь кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин исий боради. Бугун пойтахт Душанбеда ҳаво ҳарорати 9-14 даража совуқ, қолган ҳудудларда 10-18 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда.

Туркманистон

Туркманистондаги ҳолат бироз енгилроқ кечиши кутилмоқда, мутахассисларнинг таъкидлашича, совуқ ҳаво массалари дастлабки кунларда шимолий ҳудудларга, сўнгра жанубий ҳудудларга ўтиши тахмин қилинмоқда. 11 январь куни мамлакат шимолида 15-20 даража, 12 январь куни эса 17-22 даражагача ҳарорат тушиши, Жанубий ҳудудларда эса 12 январь куни 18-23 даража, Карабил тепалигида эса -25 даражагача совуқ кузатилди. 10-11 январь кунлари Кушка шаҳрида 20 см қалинликдаги қор ёғгани хабар қилинди. Туркманистон Ички ишлар вазирлиги эса аҳолидан аёзли кунларда ёнғин хавсизлигига риоя қилишни сўраган. Бугун пойтахт Ашхабодда 8-12 даража, қолган ҳудудларда 10-15 даражагача, тоғли манзилларда эса -20 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда.

Афғонистон

12 январдан бошлаб тахминан бир ҳафта давомида мамлакат тоғли ҳудудларида кечаси 25-30 даража, жанубий текисликларда 10-15 даража, шимолда 12-17 даража, айрим ҳудудларда 18-23 даража совуқ бўлиши хабар қилинганди. 

Россия 

Йил бошида Россиянинг Европадаги қисмида аномал совуқ кузатилиши ҳақида хабар берилганди. 7 январь куни тунда Москва шаҳрида -21 даража совуқ қайд этилган, Москва вилоятида ҳарорат -29 даражагача пасайган, Марказий ҳудудлар ва Вольга бўйида -35 даражагача, Европага кирувчи мамлакат ҳудудларида -42 даражагача совуқ кузатилди. 11 январь куни Европада жойлашган ҳудудларда ҳавонинг нисбатан илиши кузатилди, Москвада термометрлар -11,5 даражани кўрсатгани ҳақида ёзишмоқда. Аммо Россиянинг Осиёда жойлашган ҳудудларининг шимолий ва шимоли-шарқий қисмларида ҳаво ҳарорати жуда пастлигича қолмоқда. Арктиканинг шарқий қисмидан келаётган ҳаво массаларининг эса янада совушига олиб келиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. Ханти-Мансийск округида ҳарорат -40 даража совуқ бўлиши кутилмоқда,  11 январь куни Ёқутистонда эса ҳавонинг йил бошидан бери иккинчи марта -60 даражагача совуши кузатилди, Саха Республикасининг Жилинда қишлоғида ҳаво ҳарорати -61,9 даражагача пасайган, бу 1979 йилдан бери энг паст ҳарорат эди. Бундай паст ҳарорат мамлакат бўйлаб ҳафта охиригача сақланиб қолиши айтилмоқда. 14 январь куни Ёқутистонда ҳаво ҳарорати 58-63 даражагача совуши кутилаётгани хабар қилинди, шунингдек Красноярск ўлкасида -55 даража, Иркутскда эса -58 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда. Ушбу ҳудудлар бугунга келиб Россиядаги аномал совуқнинг таъсири сақланиб қолаётган манзилларидир.

ХХI асрда бир қанча мамлакатларда совуқ ҳароратнинг мутлақ рекорд даражалари қайд этилган, қуйида уларнинг рўйхатини келтирамиз:

•    2000 йил 13 июль куни Парагвайда – 7,5 даража совуқ қайд этилган;
•    2001 йил 24 декабрда Германияда ҳаво ҳарорати ¬-45,9 даражагача тушган;
•    2003 йил 13 январь куни Хорватия тарихидаги энг совуқ ҳарорат – -34,6 даража қайд этилган;
•    Хитойда 2009 йил 31 декабрда -58 даража совуқ кузатилган;
•    2009 йил 3 январда Қувайтда аниқланган -4,8 даража совуқ, давлат тарихидаги энг пасти эди;
•    2013 йил 15 декабрда Иорданияда рекорд даражадаги -16 даража совуқ қайд этилган;
•    Италия тарихидаги энг паст ҳарорат 2013 йил 10 февралда қайд этилган бўлиб, у -49,6 даража эди;
•    2015 йил 10 январь куни Исроилда -14,2 даража совуқ қайд этилган;
•    2017 йил 3 февраль куни Бирлашгаб Араб Амирликларида  - 5,4 даража совуқ қайд этилган, мана шу совуқнинг ўзиёқ мутлақ рекорд учун етарли бўлган;
•    2017 йил 5 февраль куни Қатарда тарихдаги энг совуқ кун қайд этилган, қанчалик ажабланарли бўлмасин бу рекорд ҳаво ҳарорати +1,5 даража  эди;
•    2017 йил 12 декабрда Жанубий Америкадаги Кюрасао давлатида +18,9 даража қайд этилган бўлиб, бу мамлакат тарихидаги энг совуқ кун ҳисобланади.
•    2019 йил 24 июнда Индонезияда -9 даража совуқ қайд этилган ва бу натижа ушбу пайтгача кузатилганларнинг энг пасти эди.

Жавоҳир Эргашев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг