“Реал”нинг янги стадионида регби ҳам ўйналади — Перес “соққа қилмоқчи”

Спорт 2284
image

Хабарингиз бор, Мадриднинг “Реал” клуби айни дамда асосий стадиони “Сантьяго Бернабеу”да қайта таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Шу сабабли клуб бу мавсумда ўзининг захира майдони ҳисобланадиган “Альфредо ди Стефано”да ўз ўйинларини ўтказди.

Испаниянинг машҳур AS нашри хабарига кўра, таъмирлаш ишлари 2022 йил охирида якунланадиган ушбу стадионда “Реал” раҳбарияти Америка регбиси ўйинларини ҳам ўтказишни режа қилган. Клуб матбуот хизматининг таъкидлашича, ушбу даромадли спорт тури ортидан йилига 13 миллиард долларгача фойда олиш мумкин. Шу сабабли, Перес америкаликлар берган таклифни ўйлаб ўтирмасдан қабул қилган ва майдон битиши билан шартнома кучга кириши айтилган.

Бироқ бунга футболчилар ҳамда мураббийлар штабидагилар қарши чиққан. Сабаби, регби майдон ҳолатига жиддий таъсир кўрсатади. Оддий мисол сифатида 2 йил олдинги “Уэмбли” стадионини эслаш кифоя: ўшанда стадион бир қанча регби ўйинларини ўзида қабул қилган ва 4 ойга бормай, майдон чими деярли яроқсиз ҳолга келган эди.

Шунча қаршиликларга қарамай, Перес қарорини ўзгартирмоқчи эмас. Суперлига ғояси ўхшамаган тақдирда, у пул ишлашнинг бошқа кўплаб вариантларини топиб қўйган. Янгича қурилаётган стадион усти ёпиқ шаклда, худди хоккей ареналари сингари кўриниш олади. Шу сабаб, Флорентино Перес у ерда турли хил тадбирлар, маросимлар ҳамда байрамлар ўтказилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Абдулла Маннонов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 2.8
t
×