“Реал”ни ўзи “нишон”га олган ўйинчи “синдирди”
Спорт
−
16 Февраль 2022
3777Бугун, 16 февраль куни тунда Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финал баҳсларига старт берилди. Нимчорак финалнинг дастлабки, икки учрашуви Париж ва Португалияда бўлиб ўтди. “Спортинг” ўз уйида “Манчестер сити”ни қабул қилиб, 0–5 ҳисобида имкониятни бой берди. Эндиликда, португалияликлар кейинги босқичга чиқишни орзу қилиши мумкин, холос. Марказий учрашувда, ПСЖ – “Реал Мадрид”ни меҳмон қилди ва Килиан Мбаппенинг 90+4 дақиқада урилган, ягона голи эвазига ғалаба қозонди.
ПСЖ – “Реал Мадрид” баҳсининг энг яхши футболчиси деб топилган, Мбаппе ўйин ҳақида фикрларини билдирар экан, жуда ҳам хурсандлигини яширмади.
“Бутун жамоа каби мен ҳам тўғри ўйнашга ҳаракат қилдим. Жамоамга қўлимдан келганча ёрдам беришни хоҳладим. Ҳужумда ва ҳимояда самарали бўлишим керак эди. Зиммамдаги масъулятни яхши ҳис қилдим ва шу сабаб гол билан тақдирландим. Очиғини айтсам, жуда ҳам хурсандман,” дейди парижликлар ҳужумчиси Килиан Мбаппе.
ПСЖ устози Маурисио Почеттинога кўра, бугун унинг жамоаси “Реал Мадрид”га нисбатан яхшироқ ўйнаган.
“Мен жуда ҳурсандман. Жамоанинг ўйини жуда яхши бўлди. Умуман олганда, биз “Реал”дан яхшироқ эдик, ғалабага ҳақли эканлигимизни исботладик. Олдинда ҳали битта ўйин бор, лекин биз биринчи қадамни қўйдик ва бу муҳим бўлиш мумкин. Бу жуда яхши ўйин бўлди,” деган аргентиналик мутахассис.
Мағлубиятдан сўнг “лос бланкос” устози Карло Анчелотти жамоаси яхши прессинг уйиштирмаганини тан олди.
“Жавоб ўйинида кўпроқ прессинг қилишимиз керак. Ҳисобда ва тўпга эгалик қилишда ортда қолдик. Бугун бизда кўп нарса ўхшамади. Иккинчи учрашувда яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламиз,” деган “Реал Мадрид” бош мураббийи.
Маълумот учун, жавоб учрашувлари 9 март санасига белгиланган унда “Реал Мадрид” ПСЖни қабул қилса, “Спортинг” “Манчестер Сити” майдонига сафар қилади.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси