“Реал” 15 йиллик антирекордини такрорлади
Спорт
−
06 Ноябрь
1824“Реал Мадрид” 2009 йилдан бери биринчи марта барча мусобақаларда кетма-кет иккита уй учрашувида мағлуб бўлиб, учта ва ундан кўп гол ўтказиб юборди. Бу ҳақда “Opta Sport” статистик портали хабар берди.
Манбага кўра, бундан 15 йил аввал “Реал” “Барселона”га 2:6 ҳисобида мағлуб бўлган, кейин эса “Мальорка”га имкониятни бой берган (1:3).
“Реал” Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 4-турида ўз майдонида “Милан”га мағлуб бўлди (1:3). Бундан аввал эса Ла Лига доирасида “қаймоқранглилар” ўз уйида “Эл класико”да “Барселона”дан 0:4 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олганди.
“Реал” айни дамда Европа Чемпионлар лигаси турнир жадвалида 4 та турдан кейин 6 очко билан 17-ўринда бормоқда. Шу билан бирга, Испания чемпионатида “қироллик клуби” 11 учрашувдан сўнг 24 очко жамғариб, пешқадам “Барселона”дан 9 очко ортда қолган ҳолда 2-ўринни банд этган.