“Реал” ҳимояси аранг аҳволда. Клубнинг яна бир футболчисида коронавирус аниқланди
Спорт
−
08 Апрель 2021
5967“Реал Мадрид” клуби ҳимоячиси Рафаэль Варанда COVID-19 вируси аниқланди. Бу ҳақда Испаниянинг “Marca” нашри хабар бермоқда.
Франциялик марказий ҳимоячи жамоасининг чоршанба оқшомида, Европа Чемпионлар Лигаси доирасида Англиянинг “Ливерпуль” клубига қарши кечган баҳсни (3:1) ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Аллақачон изоляцияга олинган ва керакли муолажаларни олишни бошлаб юборгани айтилаётган Варан 10 апрель куни “Эстадио Алфредо ди Стефано”да бўлиб ўтадиган “Эл классико” ва 14 апрель санасига белгиланган “Ливерпуль”га қарши Энфилддаги жавоб учрашувини ўтказиб юборади.
Ушбу мавсумда асосий таркибда 3 та ўйиндан ташқари барча учрашувларда майдонга тушган ва қўшимчасига 2 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган франциялик ҳимоячи жамоадаги муҳим ўйинчилардан бири бўлиб келаётган эди. Зиданда унинг ўрнини тўлдириш учун Начо Фернандез ва Эдер Милитао вариантлари мавжуд.
Жамоанинг яна бир ҳимоячиси Серхио Рамос бироз муддат аввал терма жамоаси сафида орттириб олган жароҳати сабабли бир қанча вақт “қироллик клуби”га ёрдам бера олмаслиги маълум бўлганди. Бош мураббий Зинедин Зиданга бу яна бир бош оғриқ бўлгани шубҳасиз.
Жароҳати сабабли “Ливерпуль”га қарши кечган баҳсда майдонга туша олмаган Эден Азар, Дани Карвахаль ва Рамос каби жамоадошлари қаторига Варан ҳам қўшилди. Бироқ такрибдаги шунча йўқотишларга қарамай “Реал” ғалабани қийинчиликсиз қўлга киритди. Секин-аста ўзига кела бошлаётган “Барселона” “Эл классико”да ҳимоядаги бундай улкан йўқотишлардан унумли фойдаланиб қолиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 27 ёшли Рафаэль Варан “Реал Мадрид” сафида COVID-19 ни юқтириб олган олтинчи футболчи бўлди. Унга қадар Милитао, Азар, Каземиро, Лука Йович ва Начо ушбу вирус билан касалланган эди. Энг охирги бўлиб Начода жорий йилнинг январь ойида таҳлил натижаларига кўра, вирус аниқланган ва 12 кунга сафдан чиққан эди.
Мансурбек Неъматов
LiveБарчаси