Равшан Эрматов лавозимидан озод этилди. Унинг бошқа ишга ўтиши кутилмоқда

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 9 апрель куни имзолаган ПҚ-5067-сонли қарори билан 2020 йилнинг февраль ойидан буён Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов лавозимидан озод этилди. 

Маълумотларга кўра, унинг лавозимини тарк этишига бошқа ишга ўтаётгани сабаб бўлган. 

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг яна бир ўринбосари Нодир Хужамқулович Муротов ҳам бошқа лавозимга ўтаётгани сабаб эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. У ушбу амалда 2019 йилнинг сентябрь ойидан буён фаолият юритиб келаётган эди. 

Маълумот ўрнида, Равшан Эрматов 1977 йил 9 августда Тошкент шаҳрида туғилган. 

1995-1999 йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети)да таҳсил олган. У ўзининг меҳнат фаолиятини Республика олий спорт футбол мактабида мураббий сифатида бошлаб, кейинчалик “Чиғатой” футбол олий спорт маҳорати мактаби мураббийи, Ўзбекистон футбол федерацияси халқаро маркази мураббийи, 2004-2010 йилларда эса футбол бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби мураббийи, 2010 йилдан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети “Футбол назарияси ва услубияти” кафедраси катта ўқитувчиси лавозимларида ишлаган. 2019 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти.

У 2010 йилда “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, 2014 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 2015 йилда эса “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

Нодир Муротов эса Гулистон давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва ижтимоий қурилиш академиясини тамомлаган. Иқтисодчи, халқаро иқтисодий алоқалар бўйича магистр даражасига эга.

У меҳнат фаолиятини Боёвут туманидаги “Мурод” фермер хўжалигида бошлаган, сўнгра Республика таълим маркази ва Халқ таълими вазирлигида турли лавозимларда ишлаган.

2019 йил сентябрь ойига қадар Молия вазирлигининг Давлат харидларини тартибга солиш ва мониторинг қилиш департаменти бошлиғи, давлат харидларини бошқариш методологияси бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Равшан Эрматов

Баҳолаганлар

395

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг