“Равон” олгим келяпти, пахта тергим келяпти, деб шеър ўқиган шоирга ҳоким автомобиль совға қилди

Жамият 4726
image

Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари кунида “Равон" мингим келяпти, пахта тергим келяпти”, деб шеър ўқиган шоирга автомобиль совға қилинди. Бу ҳодиса Андижонда рўй берганини расман тасдиқлаб Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати ёзмоқда. 

Жорий йилнинг 10 ноябрь кун Андижон вилояти Хонобод шаҳрида “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан ўтказилган тадбир давомида шоир Шарофиддин Болтабоевга Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов янги Nexia-3 автомобилини совға қилган. 

“Андижоннинг эрка шоир ўғли, ватан куйчиси Шарофиддин Болтабоевга юртни мадҳ этувчи шеърлари учун вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғаси, енгил автомашина топширилди”, дейилади Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабарида.

Шоир бу йилги пахта мавсумининг илк кунларидан ўзи туғилган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани далаларида теримчилар билан бирга пахта терган. Бу ҳақда Қўрғонтепа ҳокимлиги матбуот хизматининг Facebook’даги саҳифасида шундай хабар қолдирилган. 

“Шоир пахта далаларида тушлик пайти бўлган вақтларда, ҳашарчи пахтакорлар номидан ёзилган,

Шаҳди ўткир қиличдан,

Шуҳрат Қўшақбоевичдан,

“Равон” олгим келяпти,

Пахта тергим келяпти!

каби мисраларни ўз ичига олган янги шеърларини ўқиб эшиттириш билан бирга, пахта даласига кириб туманимиз ҳамда вилоятимиз хирмонига амалда ҳисса қўшишга ҳам улгурди”.

Шоир вилоят ҳокимининг илғор теримчиларга автомобиль совға қилаётганидан, вилоят пахта топшириш режасини тез кунда бажаришидан руҳланиб, “Юксак марра, довон муборак!” ва “Пахта тергим келяпти” шеърларини ёзиб ижтимоий тармоқларда эълон қилган. 

Довон муборак

Андижоним! Юксак марра, довон муборак,

Оқ олтиндан бўй чўзган тоғ - хирмон муборак,

Жорий қилдинг янги тизим КЛАСТЕРларни

ИННОВАЦИЯ ғояларинг, имкон муборак!

Юртбошимиз фахр билан эъзозлаган юрт,

Ҳар онларинг қувонч бўлсин, ғамларни унут,

Гар йўқласанг, ўпкам тўлиб шод кунларингда

Пойтахтлардан учиб келай, шоирингни кут!

Шаробиддин ҳар сатрида сен шараф, шоним,

Юрагимнинг ардоғисан, жон Андижоним!!!

Пахта тергим келяпти

Қарсиллатиб шеър ўқиб,

Янги мисралар тўқиб,

Куч оламан меҳрли

Кўзларингизга боқиб.

Пахта - оқ олтин тилло,

Дур, чаман сочар жило,

Майли, белларим қотсин

Кунда териб 100 кило.

Кўкрак кергим келяпти,

Пахта тергим келяпти.

Келиб ҳол сўрамасам,

Ёзда сув тарамасам,

Айтгин, қандай болангман

Корингга ярамасам.

Айланай, забтингиздан,

Исиндим тафтингиздан,

Чаноқ тилган, ёрилган

Қадоқ қўл кафтингиздан.

Дуо олгим келяпти,

Юртда қолгим келяпти.


 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 2.9
t
×
×