Расул Кушербоев Ўзбекистонда депутатлар қатор ҳуқуқлардан маҳрум этилаётганини очиқлади
Жамият
−
11 Сентябрь 2019
6560Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Ўзбекистонда депутатлар бир қатор ҳуқуқларидан маҳрум бўлаётганини айтмоқда.
Унга кўра, жорий йилнинг 4 сентябрдаги “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига асосан 1995 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги қонуни ўз кучини йўқотган.
“Мазкур қонунда депутат фаолиятининг кафолатларига оид бошқа қонунларда мавжуд бўлмаган ва амалиётда ғоятда муҳим ҳисобланган бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар мавжуд бўлган.
Хусусан, бекор қилинган қонуннинг 13-моддасига кўра, депутатлар сессияда оғзаки билдирган ёки сессияда раислик қилувчига ёзма равишда берган таклиф ва мулоҳазалар ҳокимият вакиллик органи, унинг қўмиталари ёки комиссиялари томонидан кўриб чиқилиши ёхуд кўриб чиқиш учун тегишли давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг органлари ва мансабдор шахсларга юборилиши белгиланган эди.
Депутат сайлов округида ўз ваколатларини амалга ошириш учун тегишли ҳокимият вакиллик органи назорати остидаги ташкилотларда ўз сайлов округидаги фуқароларнинг муҳим манфаатларига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала кўриб чиқилиши чоғида иштирок этиши мумкинлиги кафолатланган эди. Эндиликда депутатда ҳар қандай масала эмас балки ҳокимлик, идора ва ташкилот рухсат берган масалалардагина иштирок этиши мумкинлиги хавфи пайдо бўлди. Бу ҳам депутат учун адолатни тиклаш ва амалга оширишда катта йўқотиш, дейиш мумкин”, деб ёзмоқда Кушербоев.
Депутатлар фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда ўзи юборган таклиф, ариза ва шикоятлар тегишли ҳокимият органи ҳудудида жойлашган давлат органларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда кўриб чиқилишини назорат қилишга ва уларнинг кўриб чиқилишида шахсан иштирок этишга ҳақли эди. Янги қонунчиликка кўра, депутат “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида умумий тартибда мурожаатлари кўриб чиқилишида иштирок этиши мумкин, холос.
“Энг катта йўқотиш бу депутатнинг қуйи Кенгашлар ишида қатнашишидан маҳрум этилгани бўлди. Масалан, Олий Мажлис депутати зарур ҳолларда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида маслаҳат овози билан иштирок этиб, депутатларнинг барча вакиллик бўғинида ҳамкорлигини таъминлаш, сессия давомида ўз таклиф ва фикрларини билдириши мумкин эди. Бу айниқса, Олий Мажлис депутатларининг қуйи Кенгашлар томонидан кўриб чиқилаётган масалаларнинг амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга мос ва мувофиқлигини кўриб чиқиш масалан, қонунларга зид ҳолда “снос” қилиш, фермерларнинг ерларини олиб қўйиш, ҳокимликлар ҳисоботини тинглашда алоҳида аҳамият касб этарди. Афсуски мазкур ҳуқуқнинг йўқолиши қонунан Олий Мажлис депутатларига қуйи Кенгашларнинг эшиги ёпилишига олиб келди.
Шунингдек, қонуннинг 23-моддасига асосан депутат мурожаатларини кўриб чиқиш юзасидан мансабдор шахсларга мажбуриятлар юклатилган бўлиб, унда барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахслар депутатларнинг ғоят муҳим масалалар, шу жумладан, тегишли органнинг қарор қабул қилиши, қабул қилган қарорини ўзгартириши ёки бекор қилиши зарурлиги тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилиши шарт эди. Мурожаат кўриб чиқиладиган кун тўғрисида депутатни олдиндан хабардор қилиши керак бўлган. Бу шаклдаги ҳуқуқ билан ҳам хайрлашилди.
Шу билан бирга депутатлар ҳокимликлар, корхоналарнинг, ташкилотларнинг, илмий, юридик муассасаларнинг, ўқув юртларининг маъмурияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унинг депутатлик фаолиятида юзага келадиган ҳуқуқий масалаларда ёрдам олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлдилар”, дейди депутат.
Маълуомт ўрнида, депутат фаолиятининг кафолатларига оид амалдаги асосий Қонунлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунлардан иборат.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь