Расмий матбуотда Каримов даврида журналистларнинг тили қулф бўлгани айтилди
Жамият
−
09 Август 2019
24794Ўзбекистонда ўзгаришлар катта. Айниқса, қаламкашларга жон кирган. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Собир Ўнарнинг ЎзАда эълон қилинган мақоласидан ҳам буни пайқаш мумкин. Ёзувчи Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига аталган мақоласида мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида қаламкаш, ёзувчи, журналистнинг муаммо айтишга тили қулф бўлганини айтади.
Ёзувчи сўз аввалида Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларни хотирлаб, ўша даврдаги муаммолар қандай бартараф этилганига тўхталади ва уларни алқайди.
"Чорак асрдан зиёд даврда жамиятда кўп эврилишлар юз берди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида сиёсатда, ички тизимда муайян принциплар муҳим роль ўйнаган. Мамлакат иқтисоди, армия, чегара, бошқарув механизми, ҳокимият учун ошкора ва махфий курашлар, тарафкашлик, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, москвапарастлик, ГКЧП... Осон эмас, қийин, таҳликали давр эди бошида. Раҳбар керагида муросачи, вақти келса қатъий бўлиши шарт эди. Ахир, бу ёқда халқ тақдири, келажаги турибди!
Шундай бир қийин замонда мустақиллик сақлаб қолиндими – сақланди, БМТ ва бошқа ташкилотларга аъзо бўлиб, халқаро ҳуқуқ тикландими – тикланди. Баъзи кичикроқ республикалардаги каби ички уруш, мухолифатга ён бериш ёки ютқазишлар рўй бермадими – буям уддаланди. Майли-да, кимдир норози, кимдир рози. Муҳими, тинчлик барқарор сақланди. Тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади.
Ўтган давр ҳақида фикрлаб кўрганда айнан барқарор тинчлик сақлаб қолингани энг катта ютуғимиз ҳисобланади", дейди ёзуви.
Бироқ, у ўтган даврда мамлакатда муаммолар тўпланиб қолгани, буларга эса нафақат кўз юмиб, балки тилни ҳам тишлаб келинганини айтади. Собир Ўнарга кўра, мамлакатда матбуот берк бўлган, халқнинг турмуши билан ҳеч ким қизиқмаган.
"Мустақилликнинг кейинги, тараққий этиши зарур бўлган босқичида қатор муаммолар йиғилиб қолгани маълум ҳам бўлди. Ҳозирги туб ўзгаришлар, кенг ислоҳотлар шу улкан муаммоларни бартараф этиш тамойилига асосланган. Ўтган вақт ичида кимдир биздан кўпроқ тараққий этганини билардик, аммо айтиб бўлмасди: матбуот берк, ижтимоий тармоқ йўқ эди. Халқдан эса “сен кўраётган кунингдан розимисан?” деб сўралмаган. Ижтимоий муаммолар, ҳақсизлик, кўзига ёмон кўринган одамга атай босим ўтказиш, бунинг оқибатидаги адолатсизлик, маълум бир йўналишдаги раҳбарлар – ҳокимият, хавфсизлик, ҳуқуқ соҳасидаги катталарнинг ашаддий коррупцияга берилиб кетишлари мамлакат иқтисодининг маълум қисмини ўпириб кетганини энди билаяпмиз".
Ёзувчи ўтган уч йилда мамлакатдаги ўсишни алоҳида тилга олади. Унинг айтишича, Президент ижтимоий тармоқлардаги факт ва далиллар орқали хулоса чиқаряпти.
"Кейинги уч йилда халқ учун кенг миқёсда қулайлик, фаровонлик эшиклари ланг очилди. Энг муҳими, журналистларга ҳақни ҳақ деб гапириш имконияти берилди. Бу жудаям катта гап. Интернет ва ижтимоий тармоқларда баён этилган факт, далил ва фикрлар орқали Президент ўзи хулоса чиқаришга ўтди".
Собир Ўнар мақоланинг кулминацион нуқтасида Президент Каримов бошқарувидаги 25 йилда мамлакатда чорак аср давомида журналист, қаламкаш ва ёзувчилар Президентга раҳматдан нарига ўтмаган.
"Журналист, қаламкаш, блогер халққа қайишиб ёзади-да бир муаммони. Бундан Президент хабар топиб, дарҳол чора кўраётган бўлса – яхши-ку. Бундан олдинги чорак асрда қаламкаш, ёзувчи, журналистнинг муаммо айтишга тили қулф эди-ку. Худди боғча боласидек “ура-ура, Президентга раҳмат!” дейишдан нарига ўтмай қолувдик".
Ўнарнинг фикрича, энди қалам аҳли нафақат ижтимоий муаммони кўтармоқда, балки унинг тўла ҳал этилишига ҳисса қўшмоқда. Бу журналист учун эрккина эмас, масъулият ҳам юклайдиган улкан ҳодиса.
Собир Ўнар мақола ўзининг Туркияда ўтган кунларини ёдга олади.
"Яқинда сайёҳлик иштиёқи билан ўн кун Туркияда бўлдим. Ўзи чет эл саёҳатига кўп ҳам қизиқмайман-у, аммо борган заҳоти одамларнинг кайфиятига эътибор бердим. Ҳеч кимнинг кўзида ваҳима йўқ, эртанги кунидан хавотир олишни сезмайди. Маданият жуда юқори, бир гугурт харид қилсангиз ҳам дўкончадан “чўҳ ташаккурлар” эшитасиз.
Шаҳарсозлик ўта ривожланган, масалан Анталиянинг бирор жойида машина тирбандлигини, қизил чироқда ўтаётган пиёда ёхуд йўл ўртасида қудуқ кўрмадим. Тўхташ тақиқланган белгиларга онда-сонда дуч келасиз ва у ерда қоидабузарлик қилган ҳайдовчи ҳам йўқ, ўзи умуман елкасида “police” деган ёзуви бор шахсларни фақат аэропортда кўрдим.
Биз ҳам бир-биримизга шундай такаллуф кўрсатсак эди, деб орзу қилдим".
Собир Ўнарнинг Туркия ҳақида ёзганлари бироз афсонадек туюлди. Муаллиф мамлакатдаги сиёсий,сиёсий иқтисодий инқирозлардан, доллар кундан кунга ошиб бораётганидан, халқнинг турмуши пасаяётгани, мамлакатнинг мавжуд ҳукуматига ишончсизлик урчиётганидан бехабар кўринади. Айнан турк матбуоти ўша Ўзбекистонда чорак аср давом этган "ура-ура"чилик либосини кийган-ку.
Аммо унинг қуйидаги айтганларида жон бор:
"Марказдаги ошхона, дўкон ва меҳмонхона қиммат бўлиши мумкин, аммо чекка бир мавзенинг энг чекка ошхонаси ҳам чеккалиги учун мижозсиз қолмайди, айниқса, кечқурунлари хушкайфият билан ўтирган, чой ичиб қўшиқ айтаётган мижозларга кўзингиз тушади. Масжидда азон товуши эшитилса, кимдир бориб намозини адо қилади-да, яна келиб хўрандалигини давом эттиради. Алламаҳалгача шу манзара. Одамлар хотиржам, ҳаётдан кўнгли тўқ.
Пули тугаб қолиши, ишсиз қолиши, уйи бузилиши, ишлаётган идораси тугатилишидан чўчиб олазарак юрганлар ҳам бордир, албатта. Аммо мен кўрмадим".
У мақоласини якунларкан, "ўзбекнинг ҳам ҳаёт тарзида шундай хотиржамликни, чўчимасликни кўргим келди...", дейди у.
LiveБарчаси