Расмий Баку АҚШ ва Францияни Озарбайжон яхлитлигига ҳурматсизликда айблайди

Олам 5414
image

Баку АҚШ ва Франциянинг Озарбайжондаги элчиларининг арман босқинидан озод қилинган Шуша шаҳрига бориш ҳақидаги расмий таклифни қабул қилмаганини қоралади. Бу ҳақда бугун, 27 август куни Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиев Шушадаги анжуманда айтиб ўтган.

“АҚШ ва Франция дипломатлари бугун Шушада йўқ, бу Озарбайжон ҳукумати таклифига беписанд муносабатда эканлигини кўрсатмоқда”, дейди Президент ёрдамчиси.

Ҳожиев элчихоналарнинг бу позициясини Озарбайжон ҳудудий яхлитлигига ҳурматсизликнинг кўриниши деб атаган.

“Франция ва АҚШ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ҳамраислари сифатида 30 йил давомида Арманистон-Озарбайжон можаросини ҳал қилишга ҳисса қўшгани йўқ”, дейди у.

Шунингдек, у Озарбайжон-Арманистон муносабатларини нормаллаштириш учун воситачилар керак эмаслигини, бу икки давлат ўртасидаги жараён эканлигини таъкидлаган.

Ҳожиев эътиборини яна Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг яқин орада бўлиб ўтадиган учрашувига қаратган. У бўлажак йиғилишда тинчлик битими матнини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинишига умид билдирган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 114
Рейтинг: 3.1
t
×