Расман: Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашди
Жамият
−
30 Ноябрь 2020
51869Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашган. Шу боис пойтахтдаги коронавирус беморларини тақсимлаш марказлари фаолияти вақтинча тўхтатилмоқда. Бу ҳақда ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилган.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан ҳозиргача коронавирусга қарши курашишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Атлас” савдо-кўнгилочар маркази ва “Ёшлик” спорт мажмуасида очилган тақсимлаш марказлари вақтинчалик ёпилган.
Тақсимлаш марказларининг ёпилиш сабабларидан бири – коронавирусга чалинган беморлар сони камайгани билан боғлиқ.
“Тошкент шаҳрида тақсимлаш марказларининг ёпилиши, пойтахтда, умуман мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашганини англатади”, дейди Севара Убайдуллаева.
Мутахассис айни вақтда кўплаб давлатларда коронавируснинг учинчи тўлқини бошланаётгани, бу эса яна бир бор хушёр тортишга асосий сабаб эканини айтади.
“Тўғри, кўплаб мамлакатларда коронавирус кенг тарқалмоқда, кўплаб давлатлар иккинчи тўлқиндан азият чекмоқда. Бу бизни ҳушёрликка чақириши лозим. Шунга кўра, бугунги кунда давлат ва барча манфаатдор вазирлик, идоралар эпидемиологик вазиятни назорат қилиш бўйича ишлар олиб боришмоқда ва касаллик динамикаси ошганда ёпилган объектлар қайта тезкор равишда очилади.
Бундан ташқари, мамлакат шифокорлари ва олимлари пандемия даврида коронавирусга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича катта тажриба орттиришди, шунингдек, касбий маҳоратларини ҳам оширишди.
Шунингдек, коронавирусга беморларини даволашга ихтисослашган барча мавжуд марказлар зарур ётоқ-ўринлари, тиббиёт ускуналари ва дори воситалари билан таъминланган, шунингдек, малакали тиббиёт ходимлари ҳам бириктирилган. Марказлар ёпилган тақдирда ҳам ушбу таъминотлар сақланиб қолинади. Такрорий тўлқинда ушбу марказлар ва ресурслар аҳолига қайта юқори малакали ёрдам кўрсатиш учун тикланади”, дейди Севара Убайдуллаева.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бугунгача коронавирусга чалинганлар 72 974 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда 70 198 нафар бемор соғайган ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Ушбу касалликдан вафот этганларнинг расмий сони эса 612 нафар. Айни вақтда 2164 нафар беморнинг даволаниши давом этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь