Расман: Украина Мудофаа вазирлигида америкаликлар иш бошлади
Олам
−
13 Январь 2022
8897АҚШнинг икки ҳарбий маслаҳатчиси Украина Мудофаа вазирлигида доимий ва расмий асосда иш бошлади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа сиёсати бошқармаси маълум қилди.
“2022 йилнинг 11 январидан америкалик маслаҳатчилар Крис Риззо ва Тодд Браун Украина Мудофаа вазирлигининг Мудофаа сиёсати бошқармасида доимий асосда ишлай бошлади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, америкаликлар Украина ҳукуматига мамлакат мудофааси ва Евро-Атлантика интеграцияси бўйича маслаҳат беради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи бошида АҚШ ва Украина Президентлари Жо Байден ва Владимир Зеленский телефон орқали мулоқот қилганди. Унда Америка етакчиси Украина чегарасидаги вазият ёмонлашса, Вашингтон ва унинг иттифоқчилари “ҳал қилувчи жавоб” беришга тайёрлигини маълум қилганди.
Маълумот ўрнида, Украина расмийлари ва Ғарб давлатлари Москванинг қўшни давлат билан чегарада “тажовузкор ҳаракатлари кучайганидан” хавотир билдирмоқда. Ўз навбатида, Кремль Россия ўз ҳудуди ичида ва ўз хоҳишига кўра қўшинларини олиб ўтаётганини, лекин ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини маълум қилган.
LiveБарчаси