Расман: Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар ташқи кучлар иштирокида содир этилганини айтди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг изчил ва барқарор ривожланишидан манфаатдор бўлмаган турли бузғунчи ташқи кучлар ҳам мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 июль куни бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида сўз очди. 

У Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларга тўхталар экан, унда ташқи кучларнинг иштироки юқори бўлганини урғулади. 

“Ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда, миллатлар ва конфессиялар ўртасида қарама-қаршиликлар кучаймоқда, радикализм ва экстремизм хавфи тобора ортиб бормоқда.

Мана шундай таҳликали шароитда биз барқарорлик ва хавфсизлигимизга зиён етказадиган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга кескин қарши туришимиз шарт.

Айни вақтда шуни эътироф этиш керакки, мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишидан манфаатдор бўлмаган турли бузғунчи ташқи кучлар ҳам мавжуд. 

Ушбу кучлар томонидан юртимиздаги осойишта вазиятни издан чиқариш, фуқароларимизнинг ишончига кириб, уларни тўғри йўлдан чалғитишга қаратилган ғаразли мақсадлар амалга оширилди ва бундай уринишлар бундан кейин ҳам содир бўлиши мумкин”, дейди давлать раҳбари. 

Мирзиёевнинг таъкидлашича, агар ўз вақтида қатъий чора кўрилмаса, меҳнаткаш ва бунёдкор Ўзбекистон халқи ўн йиллар давомида машаққат билан эришган ютуқ ва марралар ғаразли ташқи кучларнинг таъсири билан жиддий хавф остида қолиши мумкин. 

“Агар доимо ҳушёр ва огоҳ, қатъиятли бўлиб иш кўрмасак, юртимиз, хонадонларимиз тинчлиги ва осойишталиги, фарзандларимиз келажаги осонгина хавф остида қолиши ҳеч гап эмас экан.

Мана шу ҳақиқатни, бугунги кунда қандай нотинч ва мураккаб замонда яшаётганимизни жойлардаги барча раҳбарлар яна бир бор ҳар томонлама чуқур тушуниб олишлари лозим", дейди давлат раҳбари. 

Сўзи сўнгида давлат раҳбари халққа мурожаат қилиб. мамлакатнинг исёнкор ташқи кучлар билан курашишга кучи ҳам, қудрати ҳам, салоҳияти ҳам етишини урғулади:

"Халқимизни қатъий ишонтириб айтмоқчиман: давлатимиз, эл-юртимизга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган бундай кучларнинг ҳар қандай ёвуз фитна ва ҳаракатларига ўз вақтида ва кескин зарба беришга қодирмиз".


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

470

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг