Расман: Электр таъминотида чекловлар киритиляпти
Жамият
−
05 Декабрь 2022
46618Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг бунинг сабабини очиқлади.
Қайд этилишича, айни вақтда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, электр энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам мос равишда тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 4 декабрь куни республика бўйича электр энергияси истеъмоли 219 млн кВт. соатни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 22 млн кВт. соат ёки 11% га кўп. Шунингдек, декабрь ойининг дастлабки 4 кунида республика бўйича истеъмол ҳажми 875 млн кВт. соатни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 93 млн кВт. соат ёки 12% га кўп.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ юқоридагиларни инобатга олган, хусусан, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва электр энергия ишлаб чиқариш объектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида йирик авариялар вужудга келишини олдини олиш мақсадида республиканинг турли ҳудудларида электр таъминотида чекловлар киритилаётганини эълон қилди.
“Ўз навбатида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг барча таркибий корхоналари ишчи-ходимлари томонидан жойларда содир бўлаётган аварияли ҳолатларни бартараф этишга қаратилган зарур чоралар тезкорлик билан кўрилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунинг учун республика бўйича жами 1 434 нафар ходимдан иборат 478 та тезкор авариявий чиқиш бригада ҳамда уларга 398 та махсус авариявий чиқиш машинаси ва техникалар сафарбар қилинган.
Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилардан ушбу вазиятни тўғри тушунган ҳолда, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш ҳамда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш учун имкон қадар электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишларини сўраймиз”, дейилади “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ хабарида.
Электр энергия таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай муаммоли вазиятда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг туну кун фаолияти йўлга қўйилган 1154 қисқа рақамли Call-markaziga қўнғироқ қилиш ёки "Hududiy elektr tarmoqlari" AJ bilan muloqot Telegram-каналининг администраторига @HET_admin мурожаат йўллаш сўралган.
LiveБарчаси