Рамос “Олтин тўп”ни таниш-билишчилик ортидан олмоқчи бўлгани фош этилди
Спорт
−
29 Июнь 2022
6405“Реал Мадрид” клубининг собиқ ҳимоячиси Серхио Рамос Испания Қироллик футбол федерацияси (RFEF) президенти Луис Рубиалесдан “Олтин тўп”нинг топширилишига таъсир ўтказишни сўраган. Бу ҳақда Рубиалеснинг аудиоёзувларини қўлга киритишга муваффақ бўлган “El Confidencial” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Серхио Рамос Рубиалесдан 2020 йилиги “Олтин тўп”ни қўлга киритиши учун UEFA'даги таниш-билишларини ишга солишни сўраган.
“Руби, биласизми, мен сиздан ҳеч қачон ҳеч нарса сўрамаганман, лекин мен буни ҳозир қилишни хоҳлайман. Чунки бу йилги ўйинларимни ҳисобга олган ҳолда, “Олтин тўп”га муносибман, деб ўйлайман. Мен сиздан қўлингиздан келганича ёрдам беришингизни, UEFА'даги ипларни тортишингизни ва “Олтин тўп”га алоқадор керакли одамлар билан боғланишингизни истайман. Агар шундай қилсангиз, сиздан бутун умр миннатдор бўламан. Бу нафақат менинг хоҳишим, балки испан футболи ҳам бунга лойиқ”, деган Рамос суҳбат давомида.
Серхионинг сўзларига жавобан, Испания Қироллик футбол федерацияси президенти совринни топшириш жараёни унга боғлиқ эмаслигини, лекин барибир қўлидан келганича ҳаракат қилишини билдирган.
“Рамос мавсумни муваффақиятли ўтказганингиз билан табриклайман. Албатта, “Олтин тўп”нинг топширилиши менга боғлиқ эмас, лекин мен сизга қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Менга ишонишингиз мумкин”, деган Рубиалес.
Маълумот учун, 2020 йилги “Олтин тўп” маросими коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинган эди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси