Рамазон суҳбатлари: Исрофгарчилик – Аллоҳ таоло хуш кўрмайдиган амаллардан бири

Фойдали

Ислом динида исроф ҳаром қилинган. Ундан сақланишлигимиз вожиб. Исрофга йўл қўйиш Аллоҳ таолонинг неъматларини зое қилишлик. Шу сабаб Аллоҳ ва унинг Расули бандаларини қайтарган.

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан навбатдаги суҳбатимиз мавзуси инсонга берилган неъматлар ва унинг исроф этилиши ҳақида бўлди.

“Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мараҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Аллоҳ исрофгарларни хуш кўрмайди”. Банда хоҳлаганича еб-ичсин. Истаган кийимини кийсин. Лекин шарти шу-ки, банда исрофга йўқ қўймасин. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Фираъвн алайҳи лаънани маломат қилиб шундай дейди: “У исрофгарлардан эди”. Туғёнга кетган, неъматнинг хаддини билмаган одам бўлганлиги учун Аллоҳ таоло уни ана шундай сифатлаяпти. 

Тарихда шундай қавмлар бўлган-ки, айнан исрофгарлигининг сабабидан уларнинг бошларига бало келган. Неъматни исроф қилиш, албатта, бу ақлсизлик, Аллоҳ таолога туғён қилишлик, осий бўлишлик. Чунки банда берилган неъматларга ҳисоб қилинади. Моддий ёки номоддий бўлишидан қатъи назар банда бу неъматларнинг қадрига етиш керак”, деди суҳбатдошимиз.

Саъд ибн Аббос розияллоҳу анҳу таҳоратга сувни кўп ишлатаётганларини кўрган Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Нима бу исроф, эй Саъд. Гарчи оқар сувнинг бўйида ўтирган бўлсанг-да, керагидан ошиғини ишлатишинг исроф”, дедилар.

Неъмат деганда қўлимиз ушлайдиган ноз-неъмат эмас, балки номоддий неъматлар ҳам тушунилади. Буларни ҳам исроф қилмаслик лозим. Масалан, умр неъмати. Инсон ўз умрини нимага сарф қилганлиги борасида, албатта, ҳисобга тутилади. Баъзи бир одамлар зерикиш баҳонасида вақтини беҳуда нарсаларга, суҳбатларга, машғулотларга сарфлайди. Илмнинг исрофи ҳам оғирдир. Бу неъматни олса-ю, уни тарқатмаса, шогирд чиқармаса, билганидан бировни манфаатдор қилмаса, бу илм ҳам исроф.

“Хонадонларда электр энергияси, сув ва газларнинг исрофига ҳам йўл қўйиляпти. Баъзи бир жойларда “гугурт чақиб ўтираманми, барибир кейин ёқаман-ку” қабилида газни кун давомида паст этиб ёқиб қўйиш. Кераксиз жойларда чироқларни ёқиб қўйишимиз, музлаб қолмаслиги учун сувларни томчилатиб оқизиб қўйиш исрофдир. Дунёда ҳозир 2 млрд га яқин одам сувсизликдан қийналяпти. Ёки шундай давлатлар борки, тоза сув ичимлигини атроф мамлакатлардан сотиб олади. Масалан, Саудия Арабистони Филиппиндан сотиб олади. Голландия эса Даниядан, Сингапур эса Малайзиядан сотиб олади. Аллоҳгу шукр, Ўзбекистон серсув давлат. Ер остидан чиқаётган тоза сувларни исроф этмаслигимиз лозим. 

Фарзандларимизни, шогирдларимизни неъматни қадрлашга, улуғлашга, уни исроф қилмасликка ўргатишимиз лозим. Неъматга зориқиш билан унинг қадри билинади. Рамазонда банданинг кўнгли кўп нарсаларни тусайди, турли ноз-неъматларни истайди. Аммо сабр этади. Мана шу муқаддас ой мобайнида, неъматларга зориқиш асносида унинг қадрига етиш ўрганилади”, деди Раҳимберди домла Раҳмонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг