“Рамаяна” ва “Маҳобҳорат”ни ўзбек тилига таржима қилган олим вафот этди
Жамият
−
21 Декабрь 2020
13525Бугун, 21 декабрь куни атоқли таржимон Амир Файзулла (Амир Сайдуллаевич Файзуллаев) 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.
Амир Файзулла 1945 йил 15 январда Ғаллаорол туманида туғилган. 1968 йили Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетини тамомлаган. Мутахассислиги – ҳиндшунос.
У 1967–1971 йиллари Ғаллаорол туманидаги мактабларда ўқитувчи, 1971–1975 йиллари Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, 1975–1990 йиллари “Прогресс” нашриётида бўлим мудири, 1990–1994 йиллари “Халқ мероси” нашриётида муҳаррир, 1994–1997 йиллари Ўзбекистон радиосида таржимон, 1997–2020 йиллари “Жаҳон адабиёти” журнали “Шарқ адабиёти” бўлимида етакчи муҳаррир, бўлим мудири вазифаларида ишлади.
Амир Файзулла ҳиндий, урду ва рус тилларидан ўзбек тилига 30 дан ортиқ роман ва қисса, 400 сериядан ортиқ ҳинд фильмини таржима қилди, юзлаб публицистик ва илмий-маърифий мақолалар ёзди.
У “Ҳинд халқ эртаклари”, “Тўтинома” ва “Айёр вазир” номли ҳинд эртакларини (1990), Кришан Чандар, Яшпал, Премчанд, Бҳишам Саҳнийнинг ҳикояларини (1960–1987), “Оташ нафаслар” (1973), “Индиранинг совғаси” ҳикоялар тўпламларини (1989), Прем Чанднинг “Нажот” (1976), “Жанг майдони” (1983), “Фидойи” (2003), “Севги инъоми” (2007), “Нирмала” (2016), Жагдиш Чандарнинг “Ўз уйида бегона” (1980), Бҳишам Саҳнийнинг “Басантий” (1997), Кришан Чандарнинг “Бир қизга минг ошиқ” (2011) каби романлари ва Картар Сингх Дуггалнинг “Кузнинг тўлиной кечаси” (2000) қиссасини ҳиндий тилидан ўзбек тилига ўгирган. Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” (2009) асарини рус тилидан таржима қилди. Шунингдек, у Рейдар Хаггард, Теодор Драйзер, Бульвер Литтон, Жамол ал-Ғийтоний, Лобсанг Рампа, Ирвин Шоу ва Мо Ян каби жаҳон адибларининг тил ва услубий жиҳатдан мураккаб, аммо умуминсоний аҳамиятга эга қатор асарларини рус тилидан таржима қилди.
Амир Файзулла “Маҳобҳорат”, “Мирзо Ғолиб”, “Рамаяна”, “Бобур” сериалларини, “Сангам”, “Хир ва Ранжха”, “Она”, “Чақириқ”, “Ўкинч”, “Ҳинд Тарзани”, “Моҳра (Пиёда)”, “Муқаддас қасам”, “Кўзбойлагич”, “Шоҳаншоҳ”, “Байжу Бавра”, “Хайр, ширин орзулар”, “Мискинлар ҳомийси”, “Гул ва олов”, “Зарба”, “Маккор” кинофильмларини ўзбек тилига ўгирди.
Амир Файзулла ўзбек тилидан ҳиндий ва урду тилларига ҳам ўзбек адибларининг бир қанча асарини таржима қилган. Унинг урду тилида “Ўзбекистон шоирлари” (1972) ҳиндий тилида эса “Мустақил Ўзбекистон шоирлари” (1995) ва “Ўзбек адабиёти намуналари ҳиндий тилида” (2014) тўпламларида таржималари чоп этилди. Увайсийнинг “Увайсийман”, “Забонингни”, “Дилрабо, юзин узра”, “Ошиқ бўлмишам”, “Айламиш”, “Яхши”, “Кўнгул доғ ўлди”, “Эшитгил арз аҳволимни”, “Кимдурур”, “Ўзни изҳор офтоб” ғазаллари ва “Анор” чистони, Нодира шеъриятидан “Фарҳод агар”, “Баҳор келди”, “Шитоб айлаб”, “Берай жон висол ичра”, “Соқий, менга қадаҳ тут”, “На гул сайр айла”, “Васл уйин обод қилдим”, Муаззамхондан “Кўнглума озор ҳар соат”, “Дилбаримни ёд қилсам”, “Бемадору, бемадору, бемадор” ва Маҳзуна муҳаммасларини ҳиндий тилига таржима қилди.
Унинг миллий адабиёт ривожига қўшган ҳиссаси давлат ва жаҳон мамлакатлари томонидан муносиб тақдирланди. Амир Файзуллага “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони (2000), “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кўкрак нишони, Тожикистон Фанлар академияси қошидаги Бадиий фанлар университетининг фахрий доктори унвони (2018) берилган. “Чет элда ҳиндий тилини ўқитиш, ташвиқот ва тарғибот этиш соҳасидаги муҳим фаолияти учун” Ҳиндистон давлати ва Марказий ҳиндий тили институти томонидан доктор Жорж Грирсон номидаги халқаро мукофот (2020) билан тақдирланди. 1984 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари марҳумнинг яқинлари ва дўстларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси