Инновацияларни яратишдан кўра уларни жорий қилиш мураккаб ҳисобланади
Бизнес
−
23 Ноябрь 2021
6305Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан очиб берилган INNO Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида ёшлар учун “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонининг республика босқичи бошланди. 24 ноябрга қадар давом этадиган мазкур тадбир иқтидорли ёшларнинг ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этишига кўмаклашишни мақсад қилган.
Биз марафон ҳақида атрофлича маълумот олиш учун тадбир ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори ўринбосари Акбархон Собирхонов билан суҳбатлашдик.
“TechnoWays” марафони ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз. Унда қатнашиш ёшларга нима беради?
— Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил топганига 4 йил тўляпти. Шу муддат давомида инновацион, амалий, грант, стартап, тижоратлаштириш лойиҳаларига катта миқдорда маблағ ажратиб келинмоқда. Кимлардир бу маблағларни олишга эришяпти, кимлардир йўқ. Табиийки, яхши лойиҳа яратиб, саралаш босқичларидан ўтганлар маблағга эга бўляпти, лекин баъзи лойиҳалар жуда хом, улар устида ҳали кўп ишлаш керак. Асосан шундай лойиҳаларни ривожлантиришга кўмаклашиш учун “Technoways” технологик ривожланиш марафони йўлга қўйилди.
Бу ерда биз ғояни қандай топиш, унинг Ўзбекистонга келтирадиган фойдаси, чет элда шунга ўхшаш ғояларнинг бор-йўқлиги бўйича таҳлиллар қилишга ўргатамиз. Оддий қўлбола маҳсулотларни 15-20 млн сўм бериб, маҳсулот кўринишида олиб чиқамиз. Бундай ҳолатда стартап ютиш, инвесторларни жалб қилиш, лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш осон бўлади. Умуман, марафонни ҳақиқий инноваторларни етиштириш платформаси, деб атасак ҳам бўлади.
Инновация сўзи шу даражада кўп тилга олиндики, халқ орасида салбий талқин қилина бошланди. Одамларимиз ҳаётини яхшилашда инновациялар қанчалик аҳамиятли?
— Аслида инновацияларнинг мақсади ҳам шу – одамларнинг ҳаётини яхшилаш. Содда қилиб айтганда, инновация жамиятга фойда, муаллифга манфаат олиб келадиган ғоядир. Ҳар қандай ғоя ҳам инновацияга айлана олмайди. Кимдир ракета ихтиро қилди, дейлик. Лекин бу ракетадан ҳеч кимга фойда бўлмаса, бу инновация эмас. Яъни, ракета яратган одам бирданига Илон Маскка айланиб қолмайди.
Гап шундаки, инновация яратишдан, уни жорий қилиш қийинроқ ҳисобланади. “Technoways” марафонининг энг асосий мақсади ушбу инновацияни яратишда ҳам, жорий қилишда ҳам ёшларга кўмаклашиш ва йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат.
Нима учун марафон пойтахтда эмас, вилоятларда ташкил этиляпти?
— Марафонни Тошкентда ўтказмаётганимизнинг сабаби – деярли барча нуфузли ОТМлар пойтахтда жойлашган, шунингдек, хориж ОТМларининг филиаллари фаолият олиб бормоқда. Лекин вилоятларда бу борада қилинадиган ишлар кўп. Мана энди технопарклар очиб, марафонлар ўтказишни бошладик. Бутун республикадан сараланган 100 нафар йигит-қиз бугун “Technoways”да иштирок этмоқда. Унинг якунида ҳомийлар томонидан энг яхши ғоя муаллифларига Dubai Expo-2020 кўргазмасига йўлланма тақдим этилади. У ерда ёшлар бутун дунёда технологиялар қандай ривожланаётганини кўриб келишади.
“Technoways” ёшларга оид бошқа тадбирлардан нимаси билан фарқ қилади?
— Таъкидлаш керакки, бу - мусобақа ёки танлов эмас, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган марафон. “Technoways” фақатгина илм-фан ва инновацияларга йўналтирилган. Мастер-класслар “инновация” нималигини тушунтиришдан бошлаб, ғояни ҳаётга татбиқ қилишгача бўлган жараёнларни қамраб олади. Инвесторларни жалб қилиш, маркетинг, электроника, конструкция, дизайн, 3D-max каби йўналишларда машғулотлар олиб борилади. Инновация йўналиши бўйича PR ва маркетинг ўргатилади. Шунингдек, менторлар томонидан вазирликда бўлаётган стартап, грантларда қатнашиш жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумот берилади.
Дейлик, бирор нарсани ихтиро қилмоқчи бўлган оддий талаба Инновация вазирлигига кела оладими?
— Албатта, вазирлик эшиклари барча ёшлар учун очиқ. Муаммо шундаки, кўпчилик ёшларимиз “ғоям бор, пул беринглар”, деб келади. Лекин биз “ғоям бор, йўналиш кўрсатинглар”, деб келишларини истаймиз. Ҳар бир боланинг иқтидори, ҳаракатидан келиб чиқиб, тўғри йўналиш кўрсатсак, у маблағ оладиган даражага ҳам етиб келади. Масалан, кимдир электромобиль ясамоқчиман, пул беринглар, деб келади. Лекин электромобиль ясаш осон иш эмас. Унинг бутун бошли инфраструктураси, тизими бор. Биз марафон орқали мана шу жиҳатларни ёшларга етказишни ният қилганмиз.
Инновацион ривожланиш вазирлиги
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь