Раҳбарлар бюджетдан олган автомобилидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланса...

Жамият 12804
image

Охирги вақтларда раҳбар ходимлар томонидан бюджет маблағларидан нотўғри фойдаланиш, айниқса, қимматбаҳо автомобиль сотиб олиш ҳолатлари кўпайиб боряпти. Бу ҳам етмаганидек, раҳбарлар ўша автомобиллардан хизмат вақтидан бошқа пайтларда ҳам фойдаланяпти. 

Шу сабабдан Ўзбекистонда раҳбар ходимларнинг хизмат машинасидан фақатгина иш вақтида, хизмат мақсадида фойдаланишини йўлга қўйиш режалаштириляпти. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили Баҳром Бурхониддинов давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тизимни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Бурхониддинов хизмат автомобилидан фақатгина иш бўйича фойдаланишни назорат қилишда жамоатчиликнинг ҳам маълум ҳиссаси қўшилиши кераклигини таъкидлади.

“Хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилиниши ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобиль дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилиниши белгиланган.

Ўйлайманки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги кун учун жуда долзарб масалага айланган — бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, унинг устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига хизмат қилади.

Яна бир масала борки, давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши ёки иқтисод қилинишини пандемияга ёки у сабаб келиб чиқаётган иқтисодий масалаларга боғлаш ҳам тўғри эмас. У ҳар бир давлат хизматчиси, ҳар бир фуқаро учун долзарб масала бўлиши лозим. Шу мақсадда аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган соҳалардан давлат харидлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини амалга ошириш тегишли мутасадди идораларга бириктирилган”, дейди Баҳром Бурхониддинов.

Аввалроқ, раҳбар ходимларнинг хизмат автомобили класси аниқ белгилаб берилиши ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, хизмат автотранспорт воситасидан фойдаланишнинг муддати ҳам белгилаб қўйиляпти.

Чарос Шодмонқулова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 290
Рейтинг: 3
t
×