Бирорта раҳбар аҳолига қанча гўшт, тухум ва сут маҳсулотлари кераклигини билмайди – Президент

Жамият

image

Ўзбекистонда ҳудудлар раҳбарлари 2022 йилда аҳолининг гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига талаби қанчалиги ва уларни қондириш учун қандай ишлар қилиниши кераклиги ҳақида тасаввурга эга эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган соҳа - чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилаётган йиғилишда сўз борди.

“Биз “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилда камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Пандемия давом этаётгани, иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби омиллар дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига сабаб бўлмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, аҳоли кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум каби маҳсулотлар ташкил этади.

Шу боис, Президент озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим тармоғи – чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳар кунгидан ҳам долзарб ва устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлаган.

“Бугунги йиғилишни ўзим ҳар бир вилоят ва туман кўрсаткичларини чуқур таҳлил қилиб ўтказаётганимнинг яна бир муҳим сабаби – 2022 йилда чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича барча имконият ва захира мавжуд”, деган Президент.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев вилоят ёки туманда гўшт, сут ва тухум маҳсулотларига талаб қанча, бу талабни қондириш учун 2022 йилда қандай тизимли ишлар қилиш керак, деган саволларга бирорта ҳудуд раҳбарида аниқ тасаввур йўқлигини танқид қилди.

Йиғилишда чорвачилик ва пиллачиликда бугунги вазифаларни бажариш ва айтиб ўтилган иш ўринларини яратишга шахсан вилоят ҳокимларининг ўзи масъул ва жавобгар бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Туман ҳокимлари, аграр соҳа раҳбарлари учун чорвачилик, қўйчилик, эчкичилик, пилла ва жун саноати йўналишида ўқув семинари ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг