QALAMPIR.UZ таклифи амалда! Ўзбекистонда журналистлар учун миллий гувоҳнома жорий этилади

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февраль куни “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
 
Президент қарори билан 2019-2020 йилларда Ўзбекистонда ахборот соҳасини ривожлантириш бўйича дастур тасдиқланди, деб ёзмоқда ЎзА.
 
Дастурга кўра, 2019 йил 1 июнгача янги ташкил этилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қуйидаги таклифларни ишлаб чиқиши керак:
 
- журналист мақомини ошириш;
 
- медиа жамиятда ўзини ўзи бошқариш механизмларини шакллантириш;
 
- журналистнинг умумэътироф этилган миллий гувоҳномасини жорий этиш.​​
 
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов 2018 йилнинг 29 ноябрь куни эълон қилган “Алламжонов билан ўзбек матбуотида нима ўзгаради?” номли мақоласида мамлакатда қонуний жиҳатдан журналистларнинг мақомини белгилаш ва уларга гувоҳнома бериш ҳақида шундай таклиф билдирган эди:
 
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида “Журналист – Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг оммавий ахборот воситаларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир”, дея жуда нотўғри ва қўпол изоҳ берилган. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ОАВда фаолият олиб бориб, бошқа нашрларда эълон қилинган материалларга  кичик ўзгартириш киритиб, тарқатаётганлар ҳам ўзини журналист дейишга тўла ҳақли.
 
Айни даврда эса сайт очиб, журналистик фаолиятни олиб бориш, истаган мавзуда мақола ёки хабар тарқатиш осон бўлиб қолди. Албатта, бу ривожланишдан дарак. Бироқ, ОАВ, хусусан интернет-нашрларга бўлган ишончга путур етишига айни журналистнинг мақоми тўғри белгилаб берилмагани катта таъсир кўрсатмоқда. Кечагина мактабни битириб, бугун у ё бу йўналишда қалам тебратаётган, ОАВда бир-икки мақоласи чоп этилганларни кўп йиллик тажрибали журналистлар билан тенглаштириш қанчалик тўғри? Шуларни инобатга олиб, қолаверса, хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қонунда журналистга тўғри ва ҳақли таъриф бериш, Ўзбекистонда журналистлар рўйхатини шакллантириш, уларнинг базасини яратиш лозим.
 
Журналистнинг ҳар бири ЎзМААдан махсус гувоҳнома олиши керак. Бу гувоҳнома журналистлар фаолиятини чеклаши ёки айрим йўналишларда тақиқлаши эмас, балки янги имкониятлар эшигини очиши, сайт блогерлари ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиб ўзини журналист санаётганлардан фарқли ўлароқ қўшимча имтиёзларга эга бўлиши керак. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”, шифохоналар хизматларидан фойдаланишда, музей, театр ва киносаройларига киришда чегирмалар белгиланиши  лозим”. 


Мақола муаллифи

Теглар

ЎзМАА КомилжонАлламжонов

Баҳолаганлар

3

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made