QALAMPIR.UZ сўнгги 2 йилда барқарор ривожланаётган ягона сайт деб эътироф этилди
Бизнес
−
23 Февраль 2023
5123QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги интернет оммавий ахборот воситалари ўртасида сўнгги икки йилда барқарор ривожланаётган ягона интернет нашри сифатида эътироф этилди. Сайт фойдаланувчилари 2020 йилдан буён 4 бараварга кўпайган. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган таҳлил натижаларида сўз борган.
Ўзбекистонда аудиториянинг катта қисмига таъсир кўрсатувчи ва жамоатчилик фикрини шакллантирувчи энг оммабоп 15 та интернет-нашрлар аниқланди. Рўйхатда QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги энг оммабоп сайтлар рўйхатининг дастлабки ўринларидан жой олган.
“QALAMPIR.UZ интернет-нашри 2020 йилдан буён медиа маконидаги ўрнини мустаҳкамлаб олди: сайтга кирувчилар, Telegram каналидаги обуначилар сони 4 бараварга, Facebook ва Instagram’даги саҳифаларида эса деярли 2 бараварга кўпайган”, дейилади таҳлил натижаларида.
Шунингдек, маълум қилинишича, KUN.UZ сайтига кириш 2020 йилга нисбатан 2 бараварга, сайтнинг Telegram каналидаги обуначилари сони 15 фоизга камайган.
Daryo.uz интернет-нашри сайтига кирувчилар ва тармоқлардаги бошқа саҳифаларини кузатувчилар, шу жумладан Telegram каналдаги обуначилар сони 2020 йилга нисбатан 2 бараварга камайган.
QALAMPIR.UZ YouTube’да обуначилар сони бўйича ТОП-3 таликка кирган. Уни бугунги кунда 593 мингдан ортиқ обуначи кузатиб келмоқда.
Қолаверса, QALAMPIR.UZ Instagram’да обуначилар сони бўйича ҳам энг юқори ўринларни забт этган. Айни вақтда Instagram’даги обуначилар сони 3 миллиондан ошган.
“Юксалиш” ҳаракати Ўзбекистон медиа майдони ўзгариб бораётгани, кўпроқ аудио (подкастлар) ва видео форматдаги материаллар (қисқа лавҳа, stories, катта интервью, ҳужжатли фильм) оммалашаётганини айтиб ўтган.
“Фойдаланувчилар каттароқ ҳажмдаги матнларни ўқишни исташмаяпти. Улар матнга берилган ҳаволани очиб ўқишлари учун муаллифлар барча усулларни қўллашига – сарлавҳа, визуал кўриниши устида ишлашига тўғри келмоқда. Яна бир “live” формати ҳам кенг оммалашди, бунда муҳим воқеа, ҳодисалар мазмуни икки-учта гап билан қисқа ва лўнда тарзда ёки ижтимоий тармоқларда жонли эфир тарзида берилмоқда”, дея интернет журналистларининг машаққатлари ҳақида сўз очган умуммиллий ҳаракат.
Бундан ташқари, технологиялар ўзгариб бораётгани, уяли алоқа, интернет, янги гаджетлар, қурилмалар жадал ривожланаётгани одамларга ахборотни ҳозир ва ўзларига қулай кўринишда олиш имконини бергани сабаб, форматлар ва воситалар янгиланаётганини қўшимча қилган.
Ҳаракат мутахассисларининг фикрича, оммавий ахборот воситалари “оқим бўйлаб сузиши” учун янги воқеликларга мослашиши керак.
“Мобиллик, интерактивлик, серқирралилик, кўп функционаллик ва умуман мультимедиа журналистикаси босқичма-босқич уйғунлашиб, замонавий медианинг асосий мезонига айланиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида анъанавий матнлар ўрнини ўзида ҳам матн, ҳам аудио, ҳам видео форматларни, онлайн интерактивликни мужассамлаштирган материаллар эгаллаб бормоқда. Ўзбекистон медиасида аудиторияга хабар етказишнинг янги каналларидан тобора фаол фойдаланилмоқда”, дейилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати тақдим этган таҳлилда.
LiveБарчаси