QALAMPIR.UZ’да юрист вақти: Судьяни қай ҳолларда рад қилиш мумкин?

Таҳлил

image

Охирги вақтларда маъмурий суд ишларни юритишда ишда иштирок этувчилар билан боғлиқ муаммолар жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Судьяни қай ҳолларда рад қилиш мумкин? Прокурор, экспертни, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котибини рад қилиш тартиби қандай? Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал этиш тартиби қандай амалга оширилади ва унинг оқибатлари нималардан иборат? Қуйида бу ҳақида маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга кўра, судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:

•    мазкур иш илгари кўрилганда судья сифатида иштирок этган бўлса;
•    мазкур иш илгари кўрилганда унда прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;
•    ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;
•    ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;
•    ишни кўраётган ҳайъат таркибидаги судьянинг қариндоши бўлса.

Судьядан ташқари ишда қатнашаётган прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котиби ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса ёки ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжудлиги аниқланса улар ҳам ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим.

Бундан ташқари, эксперт ва мутахассисни унинг ишда иштирок этувчи шахсларга ёки уларнинг вакилларига ишнинг муҳокамаси пайтида ёки ўтмишда хизмат вазифаси юзасидан ёхуд бошқа жиҳатдан тобе бўлганлиги,  у ўтказган тафтиш материаллари судга мурожаат қилиш учун асос ёки сабаб бўлиб хизмат қилган бўлса ёхуд ишни кўришда улардан фойдаланилаётган бўлиши ҳам уни рад қилиш учун асос бўлади.

Агар юқорида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби ва таржимон ўзини ўзи рад қилиш ҳақида арз қилиши шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ҳам шу асосларга кўра уларни рад қилиш ҳақида арз қилиниши мумкин. Прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимонни рад қилиш суднинг ташаббусига кўра ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш ҳақидаги ариза асослантирилган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши керак. Иш кўрилаётганда ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш ҳақида ариза беришга асос ишни мазмунан кўриш бошланганидан кейин маълум бўлиб қолган тақдирдагина йўл қўйилади.

Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш билдирилиши мумкин эмас. Такроран рад қилиш билдирилган тақдирда, у кўриб чиқилмайди.

Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал этиш тартиби қандай?

Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини, агар рад қилиниши талаб этилаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг ҳам фикрини эшитади.

Ишни якка тартибда кўраётган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала суд раиси, бир таркибли судда эса шу судья томонидан ҳал қилинади. Иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала рад қилиниши талаб этилаётган судьянинг иштирокисиз суд таркибининг кўпчилик овози билан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.

Бир нечта судьяни ёки ишни кўраётган суднинг бутун таркибини рад қилиш тўғрисидаги масала шу суд таркиби томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади. Прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби ва таржимоннинг ўзини ўзи рад қилиши ёки уларни рад қилиш тўғрисидаги масала ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

Судьянинг ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги масала юқорида назарда тутилган тартибда ҳал этилади. Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги ёки судьяни ёхуд бир нечта судьяни ёинки бутун суд таркибини рад қилиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда иш ўша судда, бироқ судьяларнинг бошқа таркибида кўрилади.

Агар ўзини ўзи рад қилишни ва рад қилишни қаноатлантириш натижасида ишни айни ўша судда кўриш учун суднинг янги таркибини шакллантириш имкони бўлмаса, иш бошқа судга ўтказилиши керак. Мисол учун ишни бирор туман маъмурий суд кўраётган бўлса, судьялар рад этилса, бошқа судьялар қолмаса, ишни кўриш бошқа туман маъмурий судига ўтказилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Маъмурий суд

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар