QALAMPIR 10 ёшда. Тарихни бирга ёзамиз

Жамият

image

Қамариддин Шайхов, QALAMPIR.UZ асосчиси: 

QALAMPIR.UZ ўлароқ бугун катта жамоа билан собитқадам, бир сўзли, барқарор ривожланиш йўлига эга, мақсадларини аллақачон белгилаб олган, жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш, ютуқ ва камчиликларга дахлдор оммавий ахборот воситаси сифатида ёнингизда турганимиздан мамнунмиз. 

2015 йилда катта ишонч билан илк қадамларини ташлаган QALAMPIR бугун 10 йиллик йўлни босиб ўтди. Албатта, дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари билан тенглаштирганда бу йўл у қадар шонли бўлмаслиги мумкин, аммо Ўзбекистоннинг замонавий медиаси тарихида мутлақо қайдимиз бор. Бу тарихни сиз билан бирга ёздик. 

Бугун QALAMPIR.UZ Ўзбекистоннинг энг оммабоп электрон оммавий ахборот воситалари рейтингида ТОП-3 ликдан жой олмоқда. Йил бошидан буён сайтимизга 119 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ташриф буюрган. Сайт аллақачон Ўзбекистондаги ишончли ахборот манбаига айланган. 

Бизни Instagram’да 4 миллион 280 минг, YouTube платформасида 1 милллион 540 минг, Telegram’даги 3 та каналимизда 325 минг фойдаланувчи кузатиб келмоқда. Халқаро рейтингларга кўра, QALAMPIR.UZ 10 йилликда барқарор ривожланиб бораётган интернет-сайт сифатида эътироф этилиши ҳам бизга нисбатан ишонч ортиб бораётганининг далилидир. Бу эса, албатта, сайтимизнинг молиявий барқарорлигига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Мамлакатдаги йирик маркетинг агентликлари ва компаниялар наздида ҳам QALAMPIR.UZ тижорий рекламалар нуқтаи назаридан ишончли майдонга айланган.

QALAMPIR.UZ'нинг ривожланиш даври айнан Мустақил Ўзбекистоннинг иккинчи маъмурияти даврига тўғри келгани, ўтган йилларда мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида матбуот ва сўз эркинлиги ижобий ўзгаришларга юз тутгани, журналистларнинг мақоми, давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеи, обрўси ортгани қувонтиради. Ана шу ислоҳотлар натижасида бугун журналистларимиз чегараларни босиб ўтиб, халқаро майдондаги ҳамкасблари билан бемалол тиллаша олмоқда. Сайтимиз журналистлари бугунгача 10 дан ортиқ мамлакатларидаги халқаро тадбирларни бевосита ёритиш имкониятига эга бўлди. Йирик конфереция, форум, саммитларда иштирок этди. Маҳаллий ва халқаро даражадаги мукофотларни қўлга киритди. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг эркинлашуви, журналистлар фаолиятига нисбатан яратилган имкониятлар ортидан сайтимизнинг мавзулар қамрови кенгайди. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сон жиҳатидан ортди, юзлаб муаммолар ҳал этилди. Танқидий-таҳлилий материалларимиз билан жамиятда ўзгаришларга эриша олдик. Бироқ, масала фақат матбуот ва сўз эркинлигининг мавжудлигида эмас. Хулосаларимиз шуни кўрсатмоқдаки, матбуот қанчалик эркин бўлмасин, муаммоларни жасорат билан кўтариб чиқмасин, ижро ҳокимиятида эътиборсизлик, ўзбилармонлик, оммавий ахборот воситалари кўтарган масалаларга бефарқлик ва бамайлихотирлик бўлаверса, журналистларда ҳафсаласизлик ортиб бораверади. Афсуски, бугун оммавий ахборот воситалари давлат ва жамиятдаги таъсирсизлик муҳитини бошдан кечирмоқда. Кўтарилган муаммолар ечимсиз, танқидий фикрлар самарасиз қолиб кетмоқда. Бунга нафақат QALAMPIR, балки қатор йирик оммавий ахборот воситалари фаолиятидан бир неча ўнлаб мисолларни келтириш мумкин. Ва QALAMPIR айнан шундай муҳит, шундай кайфиятда ўзининг 10 йиллигини нишонлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. 

Айтгимиз келадики, биз ҳали йўл бошидамиз ва йўлимиз узоқ. Ўзбекистонга ҳам кўп йиллик ишончли оммавий ахборот воситалари керак. 10 йил ичида биз билан бу майдонга кириб келган медиалар, айтиш жоиз бўлса, кўкрак керганлар кўп бўлди. Аммо майдонда қолиш, ўқувчининг меҳрини қозониш, одамларнинг ишончига кириш ва уни оқлаш ҳар оммавий ахборот воситасига насиб қилмади. Номи улуғларни кўп кўрдик, кўраверамиз. Асос – ишонч! 

Сиз билан яна 10 йилдан кейин узоқни кўзлаган ва ўз мақсадлари йўлида бунданда собитқадам, бунданда барқарор медиа ўлароқ юзлашиш нияти ила...


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг